Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергияси агентлиги ташкил этилади
Жамият
−
25 Май
4581Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ташкил этилади. Бу ҳақда кеча, 24 май куни қабул қилинган “Ер қаъридан фойдаланиш, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳаларида давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида маълум қилинди.
Фармонга кўра:
- Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси (Қўмита);
- Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси (Инспекция);
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги негизида: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги (Агентлик) ташкил этилади.
Бунда:
- Қўмита атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади;
- Агентлик атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади;
Инспекция ер қаъридан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Ҳабиб Жўрабоев
LiveБарчаси