Вазир Президентни сеҳрлашга уринганликда айбланди
Олам
−
28 Июнь
44647Малдив оролларида Атроф-муҳит, иқлим ўзгариши ва энергетика вазири Фотимат Шамназ Али Салим мамлакат Президенти Муҳаммад Муиззуга қарши қора сеҳр ишлатмоқчи бўлганликда айбланди. Бу ҳақда “Sun Online” хабар берди.
Қайд этилишича, вазир ва яна икки киши мамлакат Президентига қарши жодугарлик қилгани учун ҳибсга олинди. Полиция Салим хоним ва яна икки кишига нисбатан тергов бошланганини тасдиқлади, бироқ қора сеҳрдан фойдаланиш ҳақидаги миш-мишларга изоҳ бермади.
“Praditin Time” телеканали аниқлик киритишича, вазир 23 июнь куни ҳибсга олинган. У билан бирга унинг қариндошларидан бири ва гўёки сеҳргар ҳибсга олинган. ОАВ хабарларига кўра, қўлга олинганларнинг барчаси Салим хоним яна Президентга яқин бўлиши учун сеҳр маросимида қатнашган.
Айтилишича, Салим хоним муҳим мавқега эга, чунки Малдив ороллари иқлим инқирози билан боғлиқ кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Орол давлати атрофидаги сув сатҳи кўтарилмоқда, бу эса аср охирига келиб мамлакатни яшаш учун яроқсиз ҳолга келтириши мумкин. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири бўлгунга қадар у Президент саройида ишлаган. Бундан ташқари, унинг собиқ эри аввал Президентнинг яқинларидан бири бўлган ва вазир лавозимини эгаллаган, бироқ бир неча ой олдин у ишдан четлаштирилган.
“South China Morning Post” нашрининг ёзишича, Малдив оролларида кимнидир “иссиқ-совуқ қилиш” амалиётлари кенг тарқалган. Маросимлар сиёсатда ҳам қўлланилади. Масалан, 2013 йилда Малдив мухолифати маҳаллий ҳукумат ва полицияга қарши ёвуз руҳлар ва лаънатланган товуқдан фойдаланганликда айбланган.
Мамлакатда сеҳрдан фойдаланиш жиноий жавобгарликка олиб келмайди, аммо амалдаги шариат қонунларига кўра, сеҳргар ёки жодугар олти ойгача қамоққа олиниши мумкин.
LiveБарчаси