VAR, иккита қизил карточка ва пенальтилар серияси: “Пахтакор” финалда

Спорт

image

Бугун, 24 ноябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон кубоги ярим финалидан ўрин олган “Пахтакор” ва “Бунёдкор” учрашуви ўз якунига етди. 

Асосан тенг курашлар остида кечган учрашувнинг 20-дақиқасида мезбонлар етакчиси Драган Черан қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Ушбу вазиятда у Абдулла Абдуллаевга нисбатан қўпол ҳаракат қилган эди.

Сон жиҳатдан устунликка эга бўлган “қалдирғочлар” 29-дақиқага келиб, ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Рақиб футболчиларининг хатосидан унумли фойдаланган Хуршид Ғиёсов осонлик билан рақиб дарвозасини ишғол этди.

Шундан сўнг, жамоалар асосан майдон маркази учун кураш олиб борди. 41-дақиқада “Пахтакор” футболчиси Ҳожимуҳаммад Эркинов бурчакдан узатилган тўпни Сарвар Каримов дарвозасига жойлаб қўйди – 1:1.

Ўйин асосий вақтида ҳисоб ўзгармагач, бош ҳакам Акобирхўжа Шукруллаев томонларнин экстра-таймларга таклиф қилди. 123-дақиқа ўтиб бораётган вақтда “шерлар” ҳужумчиси Шерзод Аъзамов Иброҳим Томивани қўполлик билан тўхтатиб қолди. VAR тизими орқали вазиятни кўрган ҳакам иккинчи марта майдон эгалари футболчисига қизил карточка кўрсатди. Қўшимча бўлимларда ҳам икки жамоа вакиллари қанчалик уринмасин, гол уришнинг уддасидан чиқа олишмади.

Пенальтилар сериясида омад “Пахтакор” футболчиларига кулиб боқди – 5:4. Шу тариқа тошкентликлар Ўзбекистон кубогининг финалига йўл олди ва “Насаф” жамоаси билан беллашадиган бўлди.

“Пахтакор”: Санжар Қувватов, Ҳожиакбар Алижонов (Шаҳзод Азмиддинов, 85’), Анзур Исмоилов, Одилжон Ҳамробеков (Ҳумоюнмирзо Иминов, 112’), Шерзод Темиров (Боян Матич, 85’), Драган Черан, Достонбек Ҳамдамов (Азизбек Турғунбоев, 81’), Ҳожимат Эркинов (Диёр Холматов, 81’), Шерзод Аъзамов, Сардор Собирхўжаев (Аброрбек Исмоилов, 74’), Фаррух Сайфиев.

“Бунёдкор”: Сарвар Каримов, Авазбек Ўлмасалиев, Хуршид Ғиёсов, Лутфулла Тўраев (Музаффар Олимжонов, 93’), Миржаҳон Мираҳмадов (Шаҳбоз Эркинов, 83’), Одилжон Абдураҳмонов (Иброҳим Томива, 56’), Нурилло Тўхтасинов, Улуғбек Абдуллаев (Фарҳод Мираҳматов, 44’), Абдулла Абдуллаев, Суҳроб Иззатов, Муҳаммадодил Қаҳрамонов (Давронжон Эргашев, 56’).

Четлатишлар: Драган Черан 20’, Шерзод Аъзамов 120+3’.

Маълумот учун, финал жорий йилнинг 4 декабрь куни Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Пахтакор Насаф Бунёдкор Ўзбекистон кубоги Пенальтилар серияси

Баҳолаганлар

98

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг