Ваниҳоят! Суданда уч кунлик сулҳга эришилди
Олам
−
25 Апрель 2023
3739Судан Қуролли кучлари ва Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) 72 соатлик келишувга эришди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув кеча, 24 апрель куни ярим тунда кучга кирган.
“Бу даврда Қўшма Штатлар Судан Қуролли кучлари ва RSF'ни зудлик билан тўлиқ сулҳга риоя қилишга чақиради. Ҳарбий ҳаракатларни узоқ муддатли тўхтатишни қўллаб-қувватлаш учун АҚШ минтақавий ва халқаро ҳамкорлар ҳамда Судан фуқаролик манфаатдор томонлари билан ҳарбий ҳаракатларни доимий тўхтатиш ва музокаралар олиб бориш, якунлаш ва амалга оширишни назорат қилувчи қўмита тузишга ёрдам беради”, дейилади департамент баёнотида.
23 апрель ҳолатига кўра, Судандаги тўқнашувлар оқибатида 420 киши ҳалок бўлди, улардан 264 нафари тинч аҳоли, 3,7 минг киши жароҳатланган.
Шу вақтгача Россия, Германия, Нидерландия, АҚШ, Франция, Швейцария ва бошқа давлатлар ўз фуқароларини Судандан эвакуация қилишини эълон қилган.
Суданда вазият қандай?
Суверен кенгашга (мамлакат бошқарув органи) ҳам раҳбарлик қилаётган армия қўмондони Абдулфаттоҳ ал-Бурхон ва унинг кенгашдаги ўринбосари махсус кучлар қўмондони Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли Суданда вазият кескинлигича қолмоқда.
Жорий йилнинг 15 апрель куни авж олган тўқнашувлар 2021 йилги ҳарбий тўнтаришдан кейин бошланган сиёсий инқирознинг давоми экани айтилмоқда. Тезкор ҳаракат кучлари ва армия икки йилдан бери ўтиш даври ҳукуматини шакллантириш бўйича келиша олмаган турли сиёсий гуруҳларни қўллаб-қувватламоқда.
Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар (RSF) жангарилари мамлакатдаги камида учта аэропортни, шунингдек, қатор ҳарбий объектлар ва Президент саройини эгаллаб олганини айтишган.
Бироқ Судан Қуролли кучлари бош қўмондони Абдель Фаттоҳ ал-Бурхоннинг таъкидлашича, RSF'нинг Президент саройи, пойтахт аэропорти ва қуролли кучлар штаб-квартирасини назорат қилаётгани ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Генерал Бурхон “Al Jazeera” нашри билан суҳбатда ҳарбийлар вазиятни тўлиқ назорат қилаётганини таъкидлаган.
Судан пойтахти Хартумдаги кўплаб йўллар ва кўприклар тўсиб қўйилган, аэропорт ҳам уруш ҳудудига айланган, у ерга парвозлар тўхтатилган. Украина оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Украинанинг SkyUp авиакомпаниясининг Boeing 737 самолёти аэропортда ёниб кетган.
Бирлашган Араб Амирликларининг Хартумдаги элчихонаси можаро қандай кечаётганини катта ташвиш билан кузатаётганини қайд этиб, муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш ва янги ҳукуматни шакллантиришда миллий консенсус (келишув)га эришиш зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтган.
Шунингдек, АҚШнинг Хартумдаги элчиси Жон Годфри ўқ овозларидан уйғонганини ҳамда ҳозирда худди Хартумдаги ва бошқа жойлардаги суданликлар каби элчихонада бошқа дипломатлар билан яшириниб юрганини айтган.