Вандализм! – Тошкент Афғонистонда Навоий ҳайкали вайрон қилинишига муносабат билдирди
Жамият
−
16 Февраль 2023
23312Ўзбекистон Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳайкали вайрон қилинишини вандализм деб атади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирининг Матбуот котиби Ахрор Бурхоновнинг баёнотида айтилган. У Twitter’да эълон қилинди.
“Афғонистонда буюк шоиримиз Алишер Навоий ёдгорликларига зарар етказилгани ҳақидаги хабарларни қайғу билан қабул қилдик. Ушбу масала юзасидан дипломатларимиз Афғонистон вакиллари билан боғланди. Уларнинг таъкидлашича, ушбу вандализм ҳолати қардош Ўзбекистон билан кўп асрлик дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган муваққат ҳукумат расмий сиёсатини акс эттирмайди, номаълум шахсларнинг ўзбошимчалик ва ўйламасдан қилган ҳаракати натижаси бўлиб, умумий тарихий ва маданий меросимизга зарар етказади. Афғонистон вакиллари ёдгорликларни тиклаш ва умумий меросимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш чораларини кўришини маълум қилдилар”, деб ёзган Бурхонов.
Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Афғонистон вакилларига таяниб, Навоий ҳайкалини бегона кишилар вайрон қилганини айтган. Бироқ, “Independentpersian.com” нашрининг ёзишича, бу айнан “Толибон”нинг қилмиши ва гуруҳ мамлакатда ҳайкалларга нисбатан будпарастликка қарши ғоялар билан муносабатда бўлмоқда.
“Толибон”нинг Афғонистондаги тарихий ва маданий рамзлари билан узоқ йиллик адоватининг давоми сифатида 7 февраль куни Мозори Шариф шаҳрида Темурийлар даврининг машҳур сиёсатчиси, шоири ва олими Мир Алишер Навоий ҳайкалини бузиб ташладилар”, деб ёзган нашр.
LiveБарчаси