Вакцинанинг бир неча давлат қўлида тўпланиши глобал ҳалокатга олиб келади – БМТ
Олам
−
19 Октябрь 2021
5866БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус аҳолини COVID-19 га қарши глобал эмлаш стратегиясини тақдим этди. Уларнинг мақсади 2021 йилнинг охиригача барча мамлакатлар аҳолисининг 40 фоизини, келаси йилининг ўрталарига қадар эса, 70 фоизини вакцинация қилишдир. Режа амалга ошиши учун 8 миллиард АҚШ доллари талаб қилинади. Бу ҳақда БМТнинг расмий сайтида хабар қилинган.
Гутерриш ва Гебрейесус саноати ривожланган давлатларни вакциналарнинг дозасини камбағал мамлакатлар билан бўлишишга ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга чақирди. Уларнинг айтишича, фақат шу ёндашув пандемияни тўхтатади ва вируснинг янги мутацияси пайдо бўлишининг олдини олади.
Дастлабки мақсад бажарилмади – 56 та мамлакатда аҳолининг 10 фоизи ҳам ҳали эмланмаган. Уларнинг аксарияти Африка ва Яқин Шарқдан.
“Шунинг учун мен бугун доктор Тедрос билан бирлашиб, COVID-19 га қарши эмлашнинг глобал стратегиясини бошлашдан хурсандман”, дейди БМТ бош котиби.
Янги режа вакцина ишлаб чиқаришни камида икки баробарга ошириш ва COVAX орқали адолатли тақсимлашни талаб қилади. Эмлаш режаси ЖССТ томонидан ишлаб чиқилган.
“Илм одамларни қутқариш учун кучли воситаларни тақдим этиб, муҳим роль ўйнади. Олимлар тарихдаги бошқа пандемияларга қараганда тезроқ ҳаракат қилишди”, дейди ЖССТ бош директори Тедрос Гебреесус.
ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, бу воситаларнинг бир неча мамлакатлар ва компаниялар қўлида тўпланиши глобал фалокатга олиб келди.
БМТ бошлиғи ва ЖССТ бош директори, вакциналарнинг бутун дунё бўйлаб тенг тақсимланиши ва уларни ишлаб чиқариш технологиялари алмашинуви кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга, ижтимоий ва иқтисодий фаолликни янгилашга, шунингдек, вируснинг янги турларининг келиб чиқиш хавфини камайтиришга ишонади.
Антониу Гутерриш ва Тедрос Адханом Гебрейесус барча давлатларни бирлашишга ва ушбу стратегияни муваффақиятли амалга оширишга чақирди. Ўз навбатида, улар пандемияга қарши курашда БМТнинг фаол иштирок этишига ваъда беришди.
Маьлумот учун, бугунги кунда CОVID-19 билан касалланганлар сони 241 222 689 нафарни, жами ўлимлар сони 4 907 572 нафар. Фойдаланилган вакциналар сони 6 667 467 193 тани ташкил этмоқда.