Вакцина тайёр бўлгунча коронавирусни мағлуб қилиш йўли айтилди
Саломатлик
−
31 Март 2020
29424Россиялик эпидемиолог Михаил Фаворов вакцина тайёр бўлгунча коронавирусга қарши қандай қилиб курашиш кераклигини айтиб ўтди. Унинг фикрича, пандемияга қарши ҳукуматлар томонидан кўрилаётган қатъий чора-тадбирлар ва қоидаларга 100 фоиз амал қилинсагина муддатдан олдин ғалабага эришиш мумкин.
"Агар аҳолининг 90 фоизи карантинда бўлса-ю, 10 фоизи карантин қоидаларни бузишда давом этса, эпидемияни енгишнинг иложи бўлмайди", дейди эпидемиолог.
Фаворовнинг таъкидлашича, ушбу ҳолатда янги вирус ўчоқлари қайд этилаверади. Айнан ўша 10 фоиз одам қолганларга ҳам зарар келтириши мумкин.
"Шунинг учун уйда қолиш жуда муҳим. Айниқса, сафарларни бекор қилинг. Бундай хавфли касалликларга нисбатан бефарқлик катта йўқотишларга олиб келади", дейди Фаворов.
Эпидимиолог, шунингдек, муаммонинг объектив ёритилиши ва унга жиддий муносабатда бўлиш ҳам коронавирусни енгишга ёрдам беришини айтди. Хусусан, унинг фикрича, Хитой ҳукуматининг дастлабки ҳаракатлари жуда фойдали бўлди ва ҳозир ўз натижасини кўрсатмоқда.
"Пекин тезкор чоралар кўрди ва вирус тарқалишининг маркази – 11 миллион аҳолиси бўлган Ухань шаҳрида ўз вақтида карантин жорий қилди. Шунингдек, карантин қоидаларини бузганлик учун 10 йилдан то умрбод муддатгача қамоқ жазоси тайинланди", дейди олим.
Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жорий йилнинг 11 март куни коронавирус касаллигини пандемия, деб эълон қилди. Ҳозиргача ушбу вирус дунёнинг 178 мамлакатида аниқланган. Касаллик дунё бўйича 785 807 нафар одамда қайд қилинган. Уларнинг 37 822 нафари вафот этган, 165 659 нафари эса ушбу касалликдан фориғ бўлган. Ҳозирда касаллик юқтирган 582 326 нафар одам карантинда ёки шифохонада даволанмоқда. Уларнинг 552,838 нафари ёки 95 фоизи қониқарли аҳволда, 29 488 нафарининг аҳволи оғир.