Алламжонов матбуотга босим, таҳдид ва адолатсизлик ҳамон борлигини айтди
Жамият
−
05 Март 2020
5127Аввалроқ, Самарқандда II Марказий Осиё судьялар мулоқоти бошлангани, ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир, Миллий масс-медиани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фонди Васийлик кенгашининг раиси Комилжон Алламжонов ва фонд раиси ўринбосари Саида Мирзиёева иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу мулоқотни Комилжон Алламжонов очиб берди. У ўз сўзида Ўзбекистонда жамоатчилик назорати вужудга келаётгани, одамлари ўз ҳаққини талаб қилишни ўрганаётгани ҳақида гапирди.
“Янги Ўзбекистон кўплаб соҳаларда ислоҳотларни бошидан ўтказяпти. Ўзбекистон раҳбарияти ислоҳотларнинг бош локомотиви сифатида кучли фуқаролик жамиятини амалда барпо этиш, сўз ва матбуот эркинлиги, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш йўлини танлади. Инсон қадри деган тушунчалар пайдо бўляпти аста-секин. Одамлар ҳам ўз ҳаққини талаб қилишни ўрганяпти. Давлат идоралари эса кучли жамоатчилик назоратига ўтиб бораётганини тушуниб етди. Ушбу танланган йўлдан Ўзбекистон ортга қайтмаслиги ва ўз позициясида катьий туришини давлат раҳбари ҳам кўп маротаба такрорламоқда.
Албатта бу осон жараён эмас. Очиқлик маданияти, унга ўрганиш, уни ҳазм қила олиш ҳам осон эмас. Лекин жараён бошланди Ўзбекистонда, натижалар ҳам бўляпти. Бу соҳанинг ривожланиш динамикаси ҳам ёмон эмас”, дейди Алламжонов.
Маълумки, Комилжон Алламжонов ўтган даврда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори лавозимида фаолият юритди. Бу вақтда ташкилот журналистлар ва блогерларга яқин бўлди, уларга қулоқ тутди, мулоқот муҳити яратилди. Ўз-ўзидан муаммо ва камчиликлар, журналистларни қийнаётган масалалар сув юзига қалқиб чиқди. Алламжонов агентликда оттирган тажрибасидан келиб чиқиб, журналистларда ҳамон қўрқув борлигини айтади. “Аммо ҳали олдинда қилинадиган ишлар ҳам кўп”, дейди у сўзи аввалида.
“Матбуот ходимларида ўзини цензура қилиш, кўрқув бор ҳали, чунки давлат идоралари ходимлари томонидан турли таҳдидлар, босимлар, адолатсизликлар ҳам бор. Уларни ҳимоя қиладиган ягона орган бу — суд бўлиши керак. Лекин бунинг учун энг асосийси — судлар амалда мустақил ишлаши, уларда доим адолат бўлиши керак, ҳар бир норози фуқаро кўчага чиқиши эмас, борадиган жойи суд бўлиши керак ва аҳолида судларга нисбатан ишонч кучли бўлишига эришиш керак. Шунинг учун ҳам бугунги бизнинг тадбиримизга ўхшаган конференциялар, тажриба алмашиш, доимий мулоқотлар жуда муҳим”.
Маълумот ўрнида, икки кунлик тадбирда ЕХҲТ минтақаси ва Марказий Осиё давлатларидан 40 дан зиёд юқори малакали эксперт-мутахассислар, юрист-ҳуқуқшунослар, судьялар иштирок этмоқда
Халқаро анжуманда ОАВ ва сўз эркинлигини таъминлашда миллий суд тизимларининг ўрни бўйича мавзулар муҳокама қилинади. Ушбу тадбир дунё миқёсидаги янги тенденциялар, сўз эркинлиги ҳамда оммавий ахборот воситаларининг чеклов ва тўсиқларсиз фаолият юритиши билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун, шунингдек, бу борада юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш бўйича фикр ва тажриба алмашиш учун платформа бўлиши кўзда тутилган.
LiveБарчаси