Вьетнамда тўфон сабабли қарийб 600 минг киши эвакуация қилинмоқда
Олам
−
25 Август 2025 2782 1 дақиқа
Вьетнам ҳукумати бугун, 25 август куни мамлакатнинг бир неча вилоятига ёпирилиши кутилаётган “Кадзики” тўфони сабабли 586 минг нафар аҳолини эвакуация қилишини эълон қилди. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Қайд этилишича, “Кадзики” тўфони жорий йилнинг 20 август куни Филиппин яқинидаги денгизда шаклланган. У аста-секин тезлашиб, Хитой ва Вьетнам томонга ҳаракатланмоқда. Тўфон ичида шамол тезлиги деярли 200 км/соатга етган. Кутилишича, “Кадзики” 25 август куни Вьетнам соҳилига етиб келиб, 300-400 мм ёғингарчиликка сабаб бўлади. Бу эса сув тошқинлари ва кўчкилар хавфини юзага келтиради. Кучли шамол сабаб соҳил яқинидаги тўлқинлар баландлиги 2-4 метргача кўтарилиши мумкин.
Минтақадаги қарийб 60 мингта кичик кема ва қайиқ хавф-хатар ҳақида огоҳлантирилган. Вьетнамнинг энг йирик авиакомпанияси Vietnam Airlines ва Vietjet Aviation мамлакатнинг марказий шаҳарларига қаратилган ўнлаб рейсларни бекор қилган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, “Кадзики” 300 минг гектар гуруч майдонлари ва 77 мингта мевали дарахт плантацияларига зарар етказиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой шимолидаги Ички Мўғулистон мухтор тумани ҳудудида тоғ дарёларининг кутилмаган тошқини оқибатида 10 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.