“Ўзсаноатқурилишбанк” “AsiaMoney” томонидан тақдирланди
Бизнес
−
02 Апрель 2020
5486“AsiaMoney” журнали томонидан ўтказилган “2020 йилнинг энг яхши банки” (Best bank awards 2020) танловида “Ўзсаноатқурилишбанк” “Энг яхши маҳаллий банк” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди.
Нашр экспертлари банкни мамлакатдаги энг йирик кредит муассасаси сифатида қайд этиб, сўнгги 12 ойдаги фаолиятини таҳлил қилган. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг жорий йил 1 февраль ҳолати бўйича берган маълумотларига кўра, “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг активлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,4 фоизга ўсиб, 35,4 трлн. сўмни ташкил қилган.
Нашр банкнинг 2018 йилда ўтказган ребрендинг ишларига, махсус ишга туширилган SQB Premium офиси фаолиятига ҳамда давлат миқёсидаги кенг инфратузилмасига тўхталиб, “гарчи муассаса рақамли банкинг инқилобига ишонса-да, мамлакатдаги энг катта мижозлар базасига эга ташкилот сифатида ўз хизмат кўрсатиш тузилмаларини ривожлантиришда давом этмоқда”, дея фикр билдирган.
“AsiaMoney” хабарида “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг ўтган йил ноябрь ойида Лондон фонд биржасида жойлаштирган 300 млн. доллар ҳажмидаги евробондлари аҳамиятига алоҳида тўхтаб ўтилган. Жаҳон фонд бозорига чиқишда Ўзбекистон банклари орасида илк муҳим қадам бўлганлиги таъкидланган.
Шунингдек, таҳлилчилар банкнинг кредит сиёсатини ҳам юқори баҳолаб, мамлакатнинг дунё молия бозорига интеграциялашувида омил бўлувчи халқаро молия институтлари билан ҳамкорлиги алоҳида тилга олинган.
Банк асосий корпоратив кредит ташкилоти эканлиги, хусусан, 2019 йилда кредит ресурсларининг 49 фоизи йирик корхоналарга, 40 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, қолган қисми эса чакана мижозларга ажратилганлиги далил қилиб келтирилган.
“Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш имкониятлари жуда кенг. Аммо “Ўзсаноатқурилишбанк” каби кредит ташкилотлари кўмаги билан ушбу жараёнлар янада жадаллашиши шубҳасиздир”, дейилади хабарда.
Маълумот учун. “Best bank” танлови халқаро нуфузли молиявий нашр – AsiaMoney журнали томонидан ҳар йили анъанавий тарзда Осиё Тинч океани минтақасидаги давлатлар банклари ўртасида ўтказиб келинади. Бунда ҳар бир мамлакат банкларининг сўнгги 1 йилда қайси йўналишларда фаол иш юритганини баҳолаш мақсад қилинган. Ғолиблар “Энг яхши маҳаллий банк”, “Энг яхши корпоратив ва инвестиция банки”, “Энг яхши халқаро банк”, “Кичик ва ўрта бизнесга энг яхши хизмат кўрсатган банк”, “Энг яхши рақамли банк”, “Корпоратив ижтимоий масъуллик жиҳатидан энг яхши банк”, “Микромолиявий хизматлар кўрсатиш бўйича энг яхши банк” каби номинациялар доирасида рағбатлантирилади.
Банк Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси