Ўзингники ўзагингни қирқар. Энди порахўр раҳбарларни ўз ўринбосари “сотади”
Local
−
25 June 9942 4 minutes
Ўзбекистондаги барча давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилади. Ушбу хизмат агар давлат органи ва ташкилоти биринчи раҳбарларининг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларини аниқлагудек бўлса, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бу ҳақда жорий йилнинг 22 июнь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида сўз борган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил охирида Олий Мажлис палаталари ва мамлакат халқига йўллаган Мурожаатномасида 2026 йилнинг 1 январидан эътиборан барча давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг комплаенс бўйича ўринбосари лавозими жорий этилиши, коррупцияга нисбатан курашда фавқулодда ҳолат эълон қилинишини айтган эди. Давлат раҳбарининг айтганлари янги қонунда ўз ифодасини топди.
Қонунга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари идоралар фаолиятида коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар ҳамда назорат тизими жорий этилишини таъминлаши, коррупцияга қарши курашиш вазифасини амалга оширувчи, бюджет маблағлари айланмасини назорат қилувчи бўлинмаларнинг ҳамда шахсий хавфсизлик бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириши, шаффофликни таъминлаш, аффилланганлик ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олишга қаратилган коррупцияга карши назорат тизимини амалга ошириши, давлат органи ва ташкилотида коррупция ҳолатлари ҳамда уларнинг олдини олиш юзасидан белгиланган тартибда текширувлар ўтказилишини ҳамда катьий жавобгарлик чоралари кўрилишини ташкил этиши белгиланган.
Шунингдек, Ички назорат тузилмалари коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.
Уларга ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:
• давлат органи ва ташкилоти тизимидаги ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот ҳамда маълумотлар базаларидан фойдаланиш;
• давлат органи вa ташкилотида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон яратувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;
• давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши чораларни ҳамда назорат тадбирларини мустақил ёки ишчи гуруҳ тузган ҳолда ташкил этиш;
• коррупцияга қарши курашиш борасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув ва тергов органлари билан ҳамкорлик қилиш, уларни белгиланган тартибда жалб этиш чораларини кўриш;
• коррупциявий омилларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва коррупция ҳолатларига чек қўйиш мақсадида шахсларнинг хатти-ҳаракатларини, ҳодисаларни ҳамда жараёнларни бевосита ёки билвосита кузатиш ва қайд этиш;
• ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, фуқаролардан маълумотларни ҳамда бошқа зарур ҳужжатларни ва материалларни сўраш ва олиш;
• ваколатини амалга ошириш доирасида зарурат туғилганда тегишли ҳужжат ва материаллар билан танишиш мақсадида давлат органи ва ташкилотининг объектларига тўсқинликсиз кириш;
• давлат органи ва ташкилоти тизимида аниқланган коррупция ҳолатлари бўйича юқори турувчи комплаенс хизматларини тўғридан-тўғри мустақил равишда хабардор қилиш;
• давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупция ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш мақсадида муайян шахслар билан белгиланган тартибда ноошкора ҳамкорлик ўрнатиш;
• давлат органи ва ташкилоти тизимида аниқланган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактлари бўйича тўпланган материалларни қонуний чора кўриш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки бевосита уларнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларига тақдим этиш;
• давлат органи ва ташкилоти тизимида қонун бузилиши ҳолларининг олдини олиш буйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар ва ушбу холларни бартараф этиш юзасидан тақдимномалар киритиш.
Давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқларга хам эга бўлади.
Давлат органи ва ташкилоти биринчи раҳбарларининг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлари аломатлари аниқланганда ёки жиноий гуруҳ фаолиятига раҳнамолик қилаётган деб ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд бўлганда уларнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари юқори турувчи комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати билан келишган ҳолда тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тўғридан-тўғри тақдим этиш, шунингдек кадрлар масаласи ва молиявий харажатлар буйича бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиш ёки тегишли раҳбарни ёхуд ходимни вазифасини бажаришдан вақтинча четлатиш борасида таклиф киритиш ваколатига эга бўлади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга карши ички назорат тузилмалари фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Комплаенс хизмати мувофиқлаштириб боради.
Live
All