“Ўзбеклар хўрак бўлмоқда”. Россия учун жанг қилаётган ўзбекистонликлар рўйхати эълон қилинди
Олам
−
30 Июль 23442 2 дақиқа
Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 902 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифини эълон қилди. Рўйхат лойиҳанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинди.
Қайд этилишича, Россия аввалгидек, асосан мигрантларни юқори маошли иш билан алдаб жалб қилмоқда – уларни қурилишда ёки армиянинг орқа бўлинмаларида иш ваъда қилмоқда.
“Энг катта рағбат сифатида Россия фуқаролигини бериш ваъдаси илгари сурилади. Шу билан бирга, Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган шахслар ҳам таҳдид ва психологик босим остида урушга мажбурлаб юборилмоқда”, дейилади хабарда.
Лойиҳага кўра, айрим ҳолларда янги мигрантлар “шантаж” йўли билан шартнома имзолашга мажбурланган.
“Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин яқинда 5 мингдан ортиқ рейдлар ўтказилганини, улар натижасида 90 минг киши “тутиб олингани”, улардан 30 минг нафари шартнома имзолаб, урушга юборилгани билан мақтанган. “Тутиб олдик” сўзлари Россияда марказий осиёлик мигрантларга нисбатан муносабатни аниқ ифодалайди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, хабарда бугунги кунда Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар жараёнида 33 давлат фуқаролари асирга тушгани қайд этилган.
Билдирилишича, энг кўп сон Ўзбекистон фуқароларига тўғри келмоқда. Шу билан бирга, жорий йилнинг 5 июнь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги делегацияси Курск вилоятидаги “Постоялые Дворы” полигонига ташриф буюргани айтилади.
“Делегацияга полковник Алишер Норбоев раҳбарлик қилган ва уларга Ленинград ҳарбий округи аскарларининг жанговар тайёргарлик элементлари бўйича маълумот берилган. Бу ташриф фақат расмий характерга эга бўлишига умид билдирилмоқда, акс ҳолда Россия армияси томонидан ўзбекистонлик ёлланма аскарлар тайёрланаётган масканларга борилгани ҳақидаги хавотир кучаяди”, дейилади хабарда.
Қолаверса, хабарда Россия ўзбекларни хўрак сифатида ишлатаётгани айтилади.
“Уларнинг Россия жамиятидаги мақоми ўзгармаган – улар империя манфаатлари йўлида ҳаётини йўқотишга мажбурланмоқда. Ҳукумат ҳам бу масаланинг нақадар хавфли эканини чуқур англаб, ўз фуқароларининг ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар кўриши зарур”, дейилади лойиҳа хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам ушбу лойиҳа доирасида Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 1110 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифини эълон қилинганди.
Live
Барчаси