Украина Россия томонида жанг қилаётган ўзбекистонликлар рўйхатини эълон қилди

Олам

image

Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 1110 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифини эълон қилди. Рўйхат лойиҳанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинди.

“Бу рўйхат тўлиқ эмас, этник ўзбеклар ҳисобга олинса, Россия томонидан урушга жалб қилинган Ўзбекистон фуқароларининг умумий сони бир неча мингни ташкил қилиши мумкин”, дейилади хабарда.

Нашр этилган рўйхатда камида 109 кишининг ўлгани айтилган. Уларнинг энг кичиги 21 ёшга тўлмаган, энг ёши каттаси 62 ёшда бўлган. Ёлланма аскарлардан бири шартнома имзолангандан кейин 8-куни вафот этган.

“Одатдагидек аниқлик киритамизки, бу ҳарбий асирлар рўйхати эмас. Бу Россия Федерацияси томонида Украинага қарши жанг қилаётган ёки жанг қилган Ўзбекистон фуқаролари рўйхати”, дейилади хабарда.

 

Шунингдек, “Хочу жить” лойиҳаси Россия Қуролли Кучлари сафига ўзбекистонликларни ёллаш тарихи Тожикистонникига жуда ўхшаш эканини қўшимча қилган. Қайд этилишича, Ўзбекистондан Россияга бораётган муҳожирлар оқими сусайиш аломатларини кўрсатмаяпти ва Россия ҳукумати улардан “ўлжаси” сифатида фойдаланмоқда. Россия расмийлари Марказий Осиёдан борган одамларни рейдлар ва депортация таҳдидлари орқали уларнинг ҳукмига айланган ҳужжатга имзо чекишга “рағбатлантирмоқда”.

“Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошиданоқ Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини чет эл қўшинлари сафига қўшилмасликка чақирган бўлса-да, давлатнинг ёлланма аскарларга нисбатан сиёсати кўплаб саволларни туғдирмоқда. Маҳаллий қонунларга кўра, ёлланиш жиноят ҳисобланиб, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

2023 йилдан бери маҳаллий судлар Россия Қуролли Кучлари ёлланма аскарларига бир нечта ҳукм чиқарди, лекин уларнинг аксарияти... шартли жазо ёки озодликни чеклаш! Айбланувчи ўнлаб украиналикларни ўлдирганини тан олса ҳам.

Ўзбекистонликларни Россия армияси сафига жалб қилиш масаласида Кремлнинг расмий Тошкентга таъсири яққол кўзга ташланишига қарамай, биз Ўзбекистон Республикаси ҳукуматини жиноий амалиётларга берилишни бас қилишга чақирамиз ва уларга чек қўйишда ёрдамга умид қиламиз”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон расмийлари мазкур рўйхат бўйича ҳозирча муносабат билдирмади. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бишкекнинг Первомай туман суди қирғизистонликларни Россия армиясига ёллаш иши бўйича айбланувчиларга нисбатан эҳтиёт чорасини юмшатганди. Жиноят иши бўйича ҳибсга олинган икки киши – Ўшдаги “Рус уйи” ходими Наталья Секерина ва исми-шарифи тўлиқ маълум бўлмаган С.В.Т.га нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон Украина ёлланиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг