“Ўзбеклар қирғини” бўйича суд қачон ўтказилиши очиқланди. Асосий айбдорлар орасида Атамбоев бор

Олам

image
Ўш воқеалари, Каримов ва Отунбаева. Ўзбеклар қирғини қандай рўй берганди? north_east

Ўш воқеалари, Каримов ва Отунбаева. Ўзбеклар қирғини қандай рўй берганди?

2010 йилнинг июнь ойида содир бўлган ва тарихга “Ўш воқеалари” номи билан кирган қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро бўйича очилган жиноят иши материаллари судга юборилди. Жорий йилнинг 15 август куни дастлабки суд мажлиси бўлиб ўтиши кутилмоқда. Айбдорлар орасида Қирғизистон собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев ҳам бор. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, жиноят иши бўйича суд мажлиси Бишкекнинг Первомайский туман судида кўриб чиқилади. Унда собиқ Президент Алмазбек Атамбоев мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланган. 

Айбланувчилар орасида 2010 йилда Роза Отунбоева бошчилигида тузилган муваққат ҳукуматнинг 5 собиқ аъзоси ҳам бор. 

Бундан ташқари, собиқ Мудофаа вазири Исмоил Исоқов, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Кенешбек Дуйшебоев, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бактибек Алимбековга ҳам айбловлар қўйилган. 

“Тергов тугади. Бизга даъво муддати ўтганлиги сабабли жиноят ишини тугатиш тўғрисида илтимоснома киритишни таклиф қилишди. Мен рад этдим, чунки судда айбсизлигимни исботламоқчиман. Менга мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айби қўйилди”, дейди Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори Бектур Асанов. 

Собиқ Президент Алмазбек Атамбоев ҳам 2010 йил июнь воқеалари бўйича жиноий иш қўзғатилишини тўхтатиш тўғрисида ариза беришдан бош тортган. 

Унга даъво муддати тугагани сабабли ишни ёпиш таклиф қилинган. Бироқ, бу уни оқланиши ёки айбсиз деб эълон қилинишини англатмайди. 

“Тергов департаменти барча айбланувчиларга жиноят ишини тугатиш тўғрисида илтимоснома киритишни таклиф қилди. Бироқ июнь воқеалари учун жиноий жавобгарликка тортиш муддати икки йил аввал тугаган. Жиноят-процессуал кодексига кўра, бу ҳолатда ҳеч кимга айблов қўйиш мумкин эмас”, деди Атамбоевнинг адвокати Замир Жўшев. 

Муваққат ҳукумат 2010 йил апрель воқеаларидан кейин тузилган. Унга 14 киши, жумладан, Роза Отунбоева (МҲ раҳбари), Алмазбек Атамбоев (биринчи ўринбосар), Темир Сариев ва Азимбек Бекназаров (МҲ раҳбари ўринбосари), Дамира Ниёзалиева (Соғлиқни сақлаш вазири) кирди.  Эмилбек Каптагаев МҲ аппарати раҳбари эди.

Июнь воқеалари бўйича жиноий тергов 2021 йил апрель ойида қайта тикланган. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг “Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш” моддаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Муваққат ҳукумат мансабдор шахсларига нисбатан 2010 йилнинг май-июнь ойларида республика жанубида фожиали оқибатларга олиб келган сабаблардан бири – Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан тўсиқларсиз ноқонуний чиқиб кетишига кўмаклашганлик факти бўйича иш қўзғатилган. 

2010 йилнинг июнь ойи Қирғизистоннинг жанубида маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро чиқди. Ушбу низо оқибатида 500 га яқин инсон ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар сони мингдан, қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтганлар эса юз мингдан ошди. Бундан ташқари 3,5 мингдан ортиқ кўчмас мулк вайрон қилинди. Шундан атига 275 таси давлатга тегишли, қолган катта қисми эса маҳаллий аҳолининг бошпанаси эди. Ушбу статистика воқеанинг кўламидан далолат: ёнган уйлар, қонга беланган қўллар, яқинларидан айрилган инсонлар.  


Мақола муаллифи

Теглар

Алмазбек Атамбоев Роза Отунбоева Ўш воқеалари

Баҳолаганлар

878

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг