“Ўзбеклар қирғини” бўйича суд бошланди

Олам

image
“Ўш воқеалари”га 11 йил: икки миллатни “уруш ёқаси”га олиб келган низода Каримов қандай йўл тутган? north_east

“Ўш воқеалари”га 11 йил: икки миллатни “уруш ёқаси”га олиб келган низода Каримов қандай йўл тутган?

Ўш воқеалари, Каримов ва Отунбаева. Ўзбеклар қирғини қандай рўй берганди? north_east

Ўш воқеалари, Каримов ва Отунбаева. Ўзбеклар қирғини қандай рўй берганди?

Жорий йилнинг 15 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкекнинг Первомай туман судида 2010 йил июнидаги тарихга “Ўш воқеалари” номи билан кирган қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро бўйича яна бир иш доирасида ёпиқ эшиклар ортидаги суд жараёни бошланди.

10 август куни тергов якунланиб, иш материаллари судга юборилгани маълум бўлганди. Иш доирасида 2010 йилдаги Муваққат ҳукуматнинг тўрт нафар аъзоси: собиқ Президент Алмазбек Атамбоев, ўша пайтдаги Мудофаа вазири Исмоил Исоқов, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Кенешбек Дуйшебаев ва Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори Бектур Асанов “хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш”да айбланяпти.

Исмоил Исоқовнинг адвокати Олтинбек Тўқтосуновнинг айтишича, тергов қонунбузарликлар билан олиб борилган. Унинг сўзларига кўра, тергов жараёнида олинган маълумотлар номақбул далил бўлиб, шу муносабат билан суддан уларни иш материалларидан чиқариб ташлашни сўраган.

Адвокат, шунингдек, Бош прокуратура эски Жиноят кодекси моддаси бўйича қўзғатилган ушбу ишни Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг янги таҳрири моддасига ўзгартирмаганини ва уни ягона реестрга киритмаганини таъкидлади.

“Бош прокуратура икки ойлик терговдан сўнг 1 февраль куни “айбланувчининг йўқлиги сабабли” ишни тўхтатди. Аммо кейин терговни давом эттирмасдан, улар амалдаги Президент Садир Жапаров, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиев, депутат Суюн Омурзоқов, Жалолободнинг собиқ мэри Мақсат Жээнбеков ва собиқ депутат Ахматбек Келдибековни муҳокамаларга чақиришни бошлади. Буларнинг барчаси иш расман қайта очилган 18 майгача амалга оширилди”, дейди адвокат.

Бироқ судья Чингиз Бердимуротов бу масаладаги расмий мурожаатни рад этди. Айбланувчи вакиллари унинг қарорига рози эмаслигини, шу боис Бишкек шаҳар судига апелляция шикояти бериш ниятида эканини билдирган.

2021 йил апрель ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 304-моддаси (“Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш”) бўйича 2010 йил июнь воқеаларидан кейин собиқ Муваққат ҳукумат амалдорларига қарши қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов қайта бошлаганини эълон қилди. Улар 2010 йилнинг май-июнь ойларида республика жанубида фожиали оқибатларга олиб келган Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан ноқонуний чиқиб кетишига ёрдам берганлик факти бўйича очилган.

Ундан олдин эса Президент Садир Жапаров махсус хизматга июнь воқеалари материалларини қайта ўрганиш бўйича топшириқ берган эди.

Текширув қайта бошланганига бир йилдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай, иш доирасидаги асосий тадбирлар жорий йилда амалга оширилди. Муваққат ҳукумат аъзолари, амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиев каби 20 га яқин сиёсатчи билан суҳбат ўтказилди. Ташиев 25 апрель куни Бош прокуратурада сўроқ қилинди, сўнг журналистларнинг саволларига жавоб берди.

“Мен билганларимни айтдим... Давлат ва депутатлик комиссияларининг ҳисоботларида асосий айб Муваққат ҳукумат аъзоларида эканлиги аниқ белгиланган. Жанубда ўз таъсири ва қудратини сақлаб қолишга ҳаракат қилиб, маҳаллий айирмачиларни қўллаб-қувватлаб, ўз имкониятларидан суиистеъмол қилмоқчи бўлдилар. Натижада миллатлараро тўқнашувлар келиб чиқди. Оқибатда 500 га яқин одам ҳалок бўлди, бир неча юз минг киши жароҳатланди ва давлатга катта зарар етказилди... Бу ерда, шунингдек, [айбловга] “Ҳаракатсизлик” моддаси қўшилиши керак, чунки бу ерда жуда шубҳали – Қодиржон Ботиров нега қочиб кетди? Ким унинг кетишига имконият берди?”, деган Ташиев.

Собиқ Президент Алмазбек Атамбоевнинг адвокати Замир Жоошев бу иш бўйича терговнинг қайта бошланишини ноқонуний деб ҳисоблаяпти.

“Бу ҳолатда жиноий жавобгарликка тортиш муддати 2020 йилда тугаган. Шунинг учун терговчилар терговни тўхтатиши керак эди. Аммо улар буни қилмаган тақдирда ҳам, судья ишни кўришни бошлашдан олдин, айбланувчига мурожаат қилиши ва ишни тўхтатиш кераклигини сўраши керак эди. Бироқ судья буни қилмади, яъни у ўз мажбуриятларини бажармади ва жараённи давом эттирди”, деган адвокат.

Иш доирасида айбланувчилардан бири Исмоил Исоқов жараённи сиёсий таъқиб сифатида баҳолаган.

“Албатта, бу сиёсий буюртма ва таъқибдир. Ҳукуматни танқид қилаётганимиз халққа етиб бормаслиги учун уриниш. Иккинчидан, асосий мақсад қочқин Президент Қурманбек Бакиевни оқлаш”, деган Исоқов.

Шу билан бирга, у 2010 йил июнь ойида ўша пайтда “Ата Журт” партиясидан Жўқорғу Кенеш депутати бўлган Садир Жапаров ва Қамчибек Тошиевнинг ҳаракатларига ҳам тегишли ҳуқуқий баҳо берилиши кераклигини қўшимча қилган.

“Ўша воқеалар пайтида улар ҳам Ўш, Жалолобод ва бу шаҳарларга туташ ҳудудларда бўлган. Уларнинг ҳаракатларини ҳам баҳолаш керак. Суд жараёнида биз ҳам видеоларимиз ва бошқа далилларимизни намойиш қиламиз”, деган айбланувчи.

Бу иш бўйича навбатдаги суд мажлиси 25 август куни бўлиб ўтади.

Маълумот учун, Муваққат ҳукумат 2010 йил апрель воқеаларидан кейин тузилган. Унга 14 киши, жумладан, Роза Отунбоева (МҲ раҳбари), Алмазбек Атамбоев (биринчи ўринбосар), Темир Сариев ва Азимбек Бекназаров (МҲ раҳбари ўринбосари), Дамира Ниёзалиева (Соғлиқни сақлаш вазири) кирди. Эмилбек Каптагаев МҲ аппарати раҳбари эди.

Июнь воқеалари бўйича жиноий тергов 2021 йил апрель ойида қайта тикланган. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг “Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш” моддаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Муваққат ҳукумат мансабдор шахсларига нисбатан 2010 йилнинг май-июнь ойларида республика жанубида фожиали оқибатларга олиб келган сабаблардан бири – Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан тўсиқларсиз ноқонуний чиқиб кетишига кўмаклашганлик факти бўйича иш қўзғатилган. 

2010 йилнинг июнь ойи Қирғизистоннинг жанубида маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро чиқди. Ушбу низо оқибатида 500 га яқин инсон ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар сони мингдан, қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтганлар эса юз мингдан ошди. Бундан ташқари 3,5 мингдан ортиқ кўчмас мулк вайрон қилинди. Шундан атига 275 таси давлатга тегишли, қолган катта қисми эса маҳаллий аҳолининг бошпанаси эди. Ушбу статистика воқеанинг кўламидан далолат: ёнган уйлар, қонга беланган қўллар, яқинларидан айрилган инсонлар.  


Мақола муаллифи

Теглар

Алмазбек Атамбоев Роза Отунбоева Ўш воқеалари

Баҳолаганлар

863

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг