Ўзбекистоннинг Япониядаги янги элчиси тайинланди
Жамият
−
09 Июль 2021
5714Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарори билан Муҳсинхўжа Турсунхўжаевич Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Муҳсинхўжа Абдурахмонов 1974 йил Фарғона вилоятида туғилган. У АҚШнинг Чико шаҳридаги Калифорния давлат университети ҳамда Япониянинг Отару коммерция университетини битирган.
Шунингдек, Мухсинхўжа Абдурахмонов 2004–2008 йилларда Япониянинг Хоккайдо университетида докторлик диссертацияни ҳимоя қилган.
У 2004–2006 йилларда “Coca Cola Ichimligi O’zbekiston” компаниясида менежер лавозимида, 2008–2018 йилларда эса “MTRUSTCo. Ltd”нинг (Япония) бош директори бўлиб ишлаган. Шундан сўнг, 2018–2021 йилларда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари — инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият олиб борган.
Хабарга кўра, Муҳсинхўжа Абдурахмонов 2021 йилдан Элчи лавозимига тайинлангунга қадар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида бошқарма бошлиғи бўлган.
У рус, тожик, инглиз, япон ва араб тилларини билади. Оилали, тўрт нафар фарзанди бор.