Ўзбекистоннинг ташқи қарзи миқдори очиқланди

Жамият

image

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз ҳажми 60,2 млрд долларни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган жорий йилнинг 9 ойи учун Ўзбекистон тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ҳамда ташқи қарзи бўйича ҳисоботда келтирилган.

Ҳисобот даври якунига кўра, умумий ташқи қарз ҳажми 60,2 млрд долларни ташкил қилиб, шундан давлат ташқи қарзи ҳажми қарийб 32,5 млрд доллар ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 27,7 млрд долларга тенг бўлган.

Шунингдек, 2024 йилнинг 9 ойида жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоизга қисқариб, 3,4 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 4,3 фоизни ташкил қилган. Бунга савдо баланси манфий сальдоси ўсиш суръатининг ўтган йилдагига нисбатан пастроқ шаклланиши билан бирга мамлакатга халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли даражада кўпайиши таъсир кўрсатган. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи давомида халқаро бозорларда хомашё нархларининг ўзгариши ҳамда норезидентларга кўрсатилган хизматлар ҳажмининг кўпайиши натижасида экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга ўсиб, 19,1 млрд долларни ташкил қилган.

Мазкур даврда импорт ҳажми ўтган йилларга нисбатан пастроқ суръатларда ўсиб (5,5 фоиз), 31,4 млрд долларга етган. Бу мамлакатда инвестициявий фаоллик ва ички истеъмол талаби юқори даражада сақланиб қолиши шароитида хориждан энергоресурслар, машина ва ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотлари келтирилишига қарамасдан, 2023 йилда айрим турдаги товарларнинг бир марталик йирик импорти ҳисобига юқори база шаклланганлиги билан изоҳланади. Натижада, 2024 йилнинг 9 ойида савдо балансининг манфий сальдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга кўпайиб, 12,4 млрд долларни ташкил қилган. Ўз навбатида, бирламчи ва иккиламчи даромадлар баланси мусбат сальдо билан шаклланиб, мос равишда 973 млн доллар ва 8 млрд долларни ташкил этган ҳолда савдо баланси тақчиллигини қисман қоплаган.

Меҳнат миграцияси географиясининг диверсификацияси ҳамда меҳнат муҳожирлари ишлайдиган анъанавий мамлакатларда иш ҳақи миқдорининг кўпайиши бирламчи ва иккиламчи даромадлар компонентлари бўйича тушумларнинг шаклланишини рағбатлантирган бўлса, норезидентларнинг инвестиция даромадлари ошиши харажатларни кўпайтирувчи омиллардан бўлган. Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги молиявий ҳисоб бўйича капитал тушумлар, хусусан, тўғридан тўғри, портфель инвестициялар ва бошқа манбалар жалб қилиниши ҳисобига молиялаштирилган.
Жумладан, 2024 йилнинг 9 ойи давомида мамлакатга тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг соф киритилиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7 фоизга ўсиб, қарийб 1,9 млрд долларга тенг бўлган.

Портфель инвестицияларнинг соф жалб қилиниши 1,7 млрд долларни ташкил қилиб, асосан халқаро облигациялар билан боғлиқ операциялар ҳисобига шаклланган. Юқоридаги таркибий омиллар ҳисобига 2024 йилнинг 9 ойи якуни бўйича молиявий ҳисоб манфий сальдоси 3,9 млрд долларни ташкил этган. Ҳисобот даврида халқаро захира активларининг хорижий валютадаги қисми 678 млн долларга қисқариши кузатилган. Бироқ олтин жаҳон нархининг юқори суръатларда ўсиши натижасида халқаро захиралар қолдиғи жорий йил бошига нисбатан қарийб 6,6 млрд долларга кўпайиб, 2024 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 41,1 млрд долларни ташкил қилган.

2024 йилнинг 9 ойи якунига кўра, тўлов балансида акс этган амалиётлар ва нооперациявий ўзгаришлар таъсирида Ўзбекистоннинг соф халқаро инвестициявий мавқеи жорий йил бошига нисбатан 29 фоизга мустаҳкамланиб, 2024 йил 1 октябрь ҳолатига 16,3 млрд долларга етган.

Бунда резидентларнинг чет эл валютасидаги активлари ҳажми 0,8 млрд долларга (жорий йилнинг бошига нисбатан ўсиш 13 фоиз) ошган бўлса, ташқи мажбуриятлари ҳажми 7,1 млрд долларга (ўсиш 10 фоиз) кўпайган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг I ярмида Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 37 миллиард долларни ташкил этгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ташқи қарз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг