Ўзбекистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири вафот этди

Жамият

image

Бугун, 7 апрель куни давлат ва жамоат арбоби Вячеслав Аркадьевич Голишев 75 ёшида вафот этди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев унинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Маълумот учун, Вячеслав Голишев 1951 йил 4 майда Россия Федерациясининг Омск шаҳрида туғилган. 1972 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тугатиб, иқтисодчи мутахассислигини олган. 1980 йилда М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети аспирантурасини тамомлаган ва номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Меҳнат фаолиятини матбаа соҳасида иқтисодчи сифатида бошлаб, кейинчалик Тошкент халқ хўжалиги институти, Ўзбекистон Давлат режа қўмитаси ҳузуридаги Иқтисодиёт ва нормативлар илмий-тадқиқот институти ҳамда республика партия ва давлат органларида турли лавозимларда ишлаган.

1992-1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жаҳон муаммолари институти директори ўринбосари, Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган. Голишев 2005-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт вазири, иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари комплекси раҳбари лавозимларида меҳнат қилиб, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашнинг муҳим йўналишларига раҳбарлик қилган.

Давлат бошқаруви соҳасидаги фаол ва ташаббускор ходим сифатида кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб, ўзининг бой тажрибаси, чуқур билим ва салоҳияти, фидойилик ва ватанпарварлик фазилатларини намоён этган. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатига оид давлат дастурлари ва концептуал ҳужжатларни ишлаб чиқишда бевосита қатнашган.

Бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига сайланган, парламентаризм, мамлакатдаги ўзгаришларнинг қонунчилик базасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган. Янги авлод иқтисодчи кадрларини тайёрлаш борасида ҳам фаол иш олиб борган.

Вячеслав Голишевнинг мамлакат ва халқ олдидаги улкан хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи” фахрий унвони, “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

“Давлат ва жамоат арбоби, иқтисодиёт соҳасидаги йирик олим ва мутахассис, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Вячеслав Аркадьевич Голишевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади таъзия хатида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ таниқли журналист, ёзувчи, таржимон ва собиқ депутат Карим Баҳриев 64 ёшида вафот етганди.


Мақола муаллифи

Теглар

таъзия Вячеслав Аркадьевич Голишев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг