Ўзбекистоннинг рақиби мундиалдан четлатилиши мумкин

Спорт

image

Конго Демократик Республикаси миллий терма жамоаси Эбола эпидемияси сабабли белгиланган 21 кунлик карантинни тўлиқ ўтамаса, АҚШга кириши тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда ESPN хабар берди.

Маълум қилинишича, АҚШ расмийлари FIFA, Конго Демократик Республикаси футбол федерацияси ва мамлакат мутасаддиларини жамоа Бельгияда изоляция тартибига қатъий риоя қилиши шартлиги ҳақида огоҳлантирган. Терма жамоа ҳозирда машғулот олиб бормоқда ва иккита ўртоқлик учрашуви ўтказишни режалаштирган.

“Биз Конго Демократик Республикаси жамоасига 11 июнь куни Хьюстонга йўл олишидан олдин 21 кун давомида карантинда қолиши шартлигини жуда аниқ тушунтирдик. Шунингдек, мамлакат расмийларига ҳам ушбу тартибга риоя қилиш зарурлигини айтдик. Акс ҳолда, футболчилар АҚШга киролмаслиги мумкин. Бу борада бундан ҳам аниқроқ гапириш қийин”, деди Оқ уйнинг Жаҳон чемпионати бўйича махсус гуруҳи раҳбари Эндрю Жулиани.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) аввалроқ Конго Демократик Республикаси ва Угандадаги Эбола эпидемиясини бошқа мамлакатлар учун ҳам хавф туғдираётган фавқулодда санитар ҳолат деб эълон қилган эди. Ташкилотнинг сўнгги маълумотларига кўра, мамлакатда вирус билан боғлиқ 750 дан ортиқ ҳолат аниқланган, 177 киши эса вафот этган.

Маълумот учун, Жаҳон чемпионати жорий йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтади. Конго ДР терма жамоаси гуруҳда Португалия, Ўзбекистон ва Колумбияга қарши майдонга тушади.


Мақола муаллифи

Теглар

Конго Жаҳон чемпионати Эбола

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг