Ўзбекистоннинг қарзи қанчалиги ва у нималарга ишлатилгани айтилди
Жамият
−
04 Август 2022
21849Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, умумий давлат қарзи 25,9 млрд долларни ташкил этмоқда. Хўш, олинган фантастик маблағлар нималарга сарфланган. Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов бугун, 4 август куни бўлиб ўтаётган Сенатнинг 29-ялпи мажлисида бу ҳақда ҳисобот берди.
Унинг қайд этишича, 25,9 млрдни ташкил этаётган давлат умумий қарзининг 23,2 млрд доллари давлат ташқи қарзи ҳисобланади. Бу асосан бюджетни қўллаб-қувватлаш, инфратузилма, саноат ва қишлоқ хўжалигига йўналтирилган қарзлардан иборат.
Жумладан:
• бюджетни қўллаб-қувватлашга 6 млрд;
• ёқилғи-энергетика соҳасини қўллаб-қувватлашга 5, 6 млрд;
• транспорт ва транспорт инфратузилмасига 2,5 млрд;
• қишлоқ ва сув хўжалигига 2,4 млрд;
• уй-жой коммунал хўжалигига 2,2 млрд;
• тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга 1,5 млрд;
• кимё саноатига 1,1 млрд;
• таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасига 700 миллион;
• бошқа стратегик аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар учун 1 млрд доллар олинган.
“Эътиборингизни қаратмоқчи бўлганим, бу тўлов. Бюджетни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа ва мудофаа мақсадида олинган қарз маблағлари давлат бюджетидан сўндирилади. Бу ҳам фоизга, ҳам қарзнинг танига тааллуқли.
Лекин, иқтисодиётимизни қўллаб-қувватлаш учун, масалан, ёқилғи-энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун олинган қарз маблағлари ёки қайта кредитланган, ёки давлат кафолати тақдим қилинган. Икки ҳолатда ҳам ўша лойиҳалардан манфаатдор бўлган давлат корхонаси ёки банклар тарафидан мазкур қарз тўғридан-тўғри хориждаги банкга тўланади ёки Молия вазирлигидан тўланади. Бунда давлат бюджетига юк тушмайди”, дейди Одилбек Исоқов.
Эслатиб ўтамиз, ялпи мажлисда сенаторлар “Давлат қарзи тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади. Қонун билан давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатлари белгиланмоқда.
Шунингдек, ҳужжатга кўра, давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкинлиги белгиланмоқда.