Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси дипломатик миссиясини якунлади
Жамият
−
23 Октябрь 2023
2938Дипломатик миссияси якунланиши муносабати билан Ўзбекистон элчиси Отабек Акбаров Рим шаҳрида Италия Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирининг ўринбосари Эдмондо Чириелли билан учрашди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Эдмондо Чириелли дипломатик миссия раҳбарининг беш йиллик фаолиятини ижобий баҳолаб, Италия ТИВ номидан икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш, уларга кўп қиррали ва барқарор тус бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 июнь кунлари Италияга расмий ташрифи чоғида икки давлат ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўйиш тўғрисида қўшма декларация қабул қилинганининг аҳамияти таъкидланган.
Ўзбекистоннинг 2 та фахрий консуллиги Флоренция ва Миланда ташкил этилган, Италиянинг бошқа минтақаларида ҳам фахрий консулликларни очиш режалаштирилган.
Айни пайтда Италия билан амалга оширилаётган ва ишлаб чиқилаётган лойиҳалар пакети 9 миллиард евродан ошади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон вилоятлари билан Италия ҳудудлари ўртасида, хусусан, Ломбардия, Тоскана, Венето, Умбрия, Кампания, Марче, Абруссо ва Эмилия-Романя билан тўғридан-тўғри алоқалар фаоллашди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил август ойида Италияга элчи этиб тайинланган Отабек Акбаров бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Грециядаги элчиси ҳамда республиканинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) ва Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) даги доимий вакили сифатида ҳам фаолият юритган.
LiveБарчаси