Ўзбекистонликларни АҚШга олиб кирган трансчегаравий гуруҳ ИШИД билан алоқадорликда гумонланмоқда
Олам
−
27 Июнь
6385Ўзбекистондан борган мигрантларни АҚШга олиб кириш билан шуғулланган трансчегаравий гуруҳ ИШИД билан алоқадорликда гумонланмоқда. Бу ҳақда “NBC News” хабар берди.
Нашрнинг АҚШ Ички хавфсизлик департаменти баёнотига асосланиб ёзишича, трансчегаравий гуруҳ мамлакатга террорчиларни эмас, балки мигрантларни олиб кириш билан шуғулланганини билдирган. У Марказий Осиё мамлакатларидан келган 400 дан ортиқ фуқарони АҚШга ноқонуний йўллар билан олиб ўтган. Бироқ ушбу гуруҳга алоқадор бошқа бир жиноий уюшма 2023 йилнинг ёзида ИШИД билан алоқалари ортидан “қора рўйхат”га тушган. Бу эса алоқадорларнинг ҳам гумондорлар рўйхатига қўшилишига олиб келган.
Келтирилишича, АҚШга олиб ўтилган 400 дан ортиқ мигрантнинг кўпчилиги Ўзбекистондан бўлган. АҚШга олиб келинган ушбу муҳожирларнинг мамлакатда террорчиликни амалга ошириш режалари борлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Aммо иммиграция агентликлари эҳтиёткорлик билан уларни ҳибсга олмоқчи. Улардан 150 дан ортиғи ҳибсга олинган бўлсада, 50 дан ортиғининг қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.
Шунингдек, АҚШ ҳукумати сўнгги ойларда Тожикистон, Ўзбекистон, Молдова, Қирғизистон, Грузия ва Россиядан келган муҳожирларни диққат билан ўрганиб чиқаётганини билдирган. Бу мамлакатлардан келган минглаб муҳожирларнинг АҚШда қолиш ёки қолмаслигини суд ҳал қилади.
“АҚШда шу кунгача ҳибсга олинган ёки депортация қилинганларнинг баъзиларига иммиграция қоидаларини бузганлик юзасидан айблов қўйилган. Бироқ, ҳеч ким шу пайтга қадар терроризм билан боғлиқ жиноятларда айбланмаган”, дея ёзган нашр.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ИШИД сафига қўшилган ўзбекистонликларга нисбатан санкция киритганди. Шунингдек, Президент Жо Байден Қўшма Штатларда қонуний мақомга эга бўлмаган юз минглаб муҳожирларга потенциал фуқароликни таклиф қилиш бўйича кенг кўламли сайлов акцияларини ўтказишни буюргани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси