Ўзбекистонликлар учун Умра нархи яна оширилиши кутилмоқда
Жамият
−
18 Март 2022
11950Саудия Арабистони ҳукумати томонидан барча йирик мусулмон мамлакатларига Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилиши ортидан подшоҳликдаги барча сервисларга талаб ошди. Бу ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирлари нарх-навосига ҳам таъсир кўрсатади. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 17 март ҳолатига 21 мингдан ортиқ зиёратчи Саудия Арабистонига жўнатилиб, улардан 16 минг нафардан зиёдроғи Умра амалларини тўлиқ адо этиб, Ўзбекистонга қайтиб келган. Ҳозирда 5 минг 600 нафарга яқин зиёратчи Саудия Арабистонида Умра зиёратларини амалга оширмоқда.
Бугунки кунга келиб, Саудия Арабистонида COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ўрнатилган карантин талаблари юмшатилиб, подшоҳликка ПЗР тест жавобисиз кириш ҳамда оралиқ масофани сақлаш тартиби бекор қилинган. Шунингдек, 5 мартдан ўзбекистонлик зиёратчилардан ҳам ПЗР тести талаб этилмайдиган бўлди.
Шунингдек, Саудия Арабистони ҳукумати томонидан барча давлатлар, хусусан, Туркия, Малайзия, Индонезия, Эрон ва Миср каби йирик мусулмон мамлакатларига Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилди.
“Бу, ўз навбатида, ҳозирги кунда Саудия Арабистонида меҳмонхона ва бошқа турдаги сервисларга талаб ошишига, хусусан, Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирларининг нарх-навосига ҳам таъсир кўрсатишига сабаб бўлади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, айни вақтда ўзбекистонликлар ўртача17,8 миллион атрофида тўлов қилиб зиёратга кетмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь