Ўзбекистонликлар Қирғизистонда 15 кунгача рўйхатдан ўтмасдан қолиши мумкин бўлади
Жамият
−
30 июл 2746 2 дақиқа
Ўзбекистон ва Қирғизистон икки давлат фуқароларини чегарани кесиб ўтганидан кейин 15 кун давомида мажбурий рўйхатдан ўтиш талабидан озод қилишга келишиб олди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Унинг билдиришича, тегишли протокол бугун, 30 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича имзоланган. Ҳужжат 2006 йилда тузилган фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисидаги битимни тўлдиради.
ТИВ сўзловчисига кўра, протокол Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг ўзаро сафарлари тартибини янада либераллаштиришга қаратилган. Бу бошқа давлат ҳудудида бўлиш қоидаларини соддалаштириш орқали амалга оширилади.
Ҳужжат Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини давлат чегарасини кесиб ўтган вақтдан бошлаб 15 сутка давомида қабул қилувчи мамлакатнинг ваколатли органларида вақтинчалик ёки доимий рўйхатдан ўтиш мажбуриятидан озод қилишни назарда тутади.
“Мазкур протокол фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароит яратиш, чегараолди ҳамкорлигини, туризм, савдо ва икки мамлакат ўртасидаги гуманитар алоқаларни ривожлантириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди”, дейди Омонулла Файзиев.
Қайд этиш жоиз, айни пайтда Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга кирганидан сўнг 5 кун ичида шахсан ички ишлар органларида рўйхатдан ўтиши шарт. Янги тартиб эса томонлар ички давлат тартиб-таомилларини тўлиқ бажарганидан кейин кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева билан бирга Иссиқкўл вилоятидаги Чўлпонота шаҳрига етиб боргани ҳақида хабар берилган эди. У ерда мамлакат етакчисини Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ҳамда унинг рафиқаси кутиб олди. Шунингдек, Чингиз Айтматов номидаги “Руҳ Ордо” маданият марказида Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёевнинг Садир Жапаров билан тор доирадаги ва расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари ҳам ўтказилди. Олий даражадаги музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевни I даражали “Манас” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Юксак мукофотни Ўзбекистон раҳбарига Президент Садир Жапаров топширди.
Live
Барчаси