Шавкат Мирзиёев I даражали “Манас” ордени билан тақдирланди
Жамият
−
16:40 755 2 дақиқа
Бугун, 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни I даражали “Манас” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қирғиз Республикасининг юксак мукофотини давлат раҳбарига Президент Садир Жапаров топширган.

Ўзбекистон етакчиси қардош Қирғизистон Президенти ва халқига чуқур миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотни икки халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларини янги тарихий босқич – иттифоқчилик даражасига олиб чиқишга қаратилган муштарак интилишларнинг юксак эътирофи сифатида қабул қилишини таъкидлаган.

Маълумот учун, 1996 йилда таъсис этилган “Манас” ордени Қирғиз Республикасининг олий давлат мукофотларидан бири ҳисобланади. Республика ва хориж фуқароларига давлатчилик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ўзаро англашув ришталарини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева билан бирга Иссиқкўл вилоятидаги Чўлпонота шаҳрига етиб боргани ҳақида хабар берилган эди. У ерда мамлакат етакчисини Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ҳамда унинг рафиқаси кутиб олди. Шунингдек, Чингиз Айтматов номидаги “Руҳ Ордо” маданият марказида Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёевнинг Садир Жапаров билан тор доирадаги ва расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари ҳам ўтказилди. Олий даражадаги музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади.
Live
Барчаси