Ўзбекистонлик таэквондочилар тарихий натижа қайд этди
Спорт
−
27 Июнь 2022
8706Бугун, 27 июнь куни Жанубий Кореянинг Чунчон шаҳрида таэквондо бўйича XXV Осиё чемпионати якунига етди.
Сўнгги кунги баҳсларда -80 кг вазн тоифасида жангларда иштирок этган Шуҳрат Салаев қитъа чемпионлигини қўлга киритди.
Ўзбекистонлик таэквондочи финалда Токио-2020 Олимпиадаси кумуш медал соҳиби иорданиялик Солиҳ ал-Шарабати билан тўқнаш келди. Биринчи раундда Салаевнинг, иккинчи бўлимда рақибнинг ғалабаси қайд этилди. Ҳал қилувчи раундда Салаев 0:5 ҳисобида ортда бораётганига қарамасдан кучли характер кўрсатиб, 8:7 ҳисобида беллашув тақдирини ўз фойдасига ҳал қила олди. Айниқса, сўнгги 2 сонияда 2 очколик зарба билан ғалабани “илиб” кетгани бутун мусобақанинг энг драматик лаҳзаси бўлди, дейиш мумкин.
Қувонарлиси, Осиё чемпионатида Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди ва жами 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Улуғбек Рашитов, Жасурбек Жайсунов, Никита Рафалович ва Шуҳрат Салаев барча рақибларини мағлуб этиб, Осиё чемпиони деган номга сазовор бўлишди. Бунгача мустақил Ўзбекистон тарихида ҳеч қачон Осиё чемпионатида 4 та олтин медал қўлга киритилмаган.
Яна бир фахрланадиган жиҳат, ўзбекистонликлар таэквондо ватанни бўлган ва Осиё чемпионатига мезбонлик қилган Корея спортчиларни олтин медаллар сони бўйича доғда қолдира олишди ва умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси