Ўзбекистонлик олима Франция ордени билан тақдирланди
Жамият
−
29 Март 2019
5638Ўзбекистонлик олима Раҳима Ширинова француз тилини ўқитиш, тарғиб қилиш, шунингдек, француз маданиятини ривожига қўшган улкан хизматлари учун 2019 йил 27 март куни Франция давлатининг “Palmes Académiques” ордени билан мукофотланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур орден Франция ҳукумати томонидан фан ва таълим ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун берилади.
Маълумот учун, “Palmes Académiques” ордени 1808 йил 19 мартда император Напалеон I томонидан таъсиси этилган ва илк бор Париж университети академиги ҳамда профессорлари тақдирланган.
Айни пайтда мазкур орденга номзодлар Франция таълим вазирлиги ва Пальм Академияси ордени Кенгаши билан ҳамкорликда кўриб чиқилади. Кенгаш қарори билан номзодлар рўйхати Франция Бош вазири томонидан тасдиқланади.
Француз тили бўйича етук мутахассис Раҳима Ширинова 26 йилдан буён ЎзМУда француз тилини ўқитиш ва бу халқаро тилни тарғиб қилиш, дарслик, ўқув қўлланма ҳамда луғатлар яратиш борасида самарали ишларни амалга оширган. Олиманинг 120 дан ортиқ француз ва ўзбек таржимачилиги тадқиқи ҳамда бадиий таржима таҳлилига бағишланган илмий мақолалари эълон қилинган. У сўнгги йилларда давлат грантларини амалга оширишга ҳамда французча-ўзбекча аудиовизуал ва визуал луғатлар яратиш каби инновацион лойиҳаларга раҳбарлик қилмоқда.
Шунингдек филология фанлари доктори, профессор Раҳима Ширинова “Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамияти ижрочи директори сифатида фаолият кўрсатиб келяпти.
Маълумот учун, ўтган йили Ўзбеистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифидан сўнг мамлакатларимиз ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. Жумладан, олий таълим муассасаларида халқаро тиллардан бири ҳисобланмиш француз тилини чуқур ўрганиш, бу йўналишда кадрлар тайёрлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.