Ўзбекистонлик эшкакчилар бугунги дастурларни учта медаль билан якунлади

Спорт

photo_2023-10-02_08-21-13

Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтаётган ХIХ ёзги Осиё ўйинларининг бугун, 2 октябрь кунги дастурини ўзбекистонлик эшкакчилар 3 та медаль билан якунлади. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ журналисти Шахзод Шукуров хабар берди.

Шукуровнинг маълум қилишича, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича бугунги кун дастуридан ўрин олган беллашувларда қатнашган спортчилар Ўзбекистон фойдасига 2 та кумуш ва 1 бронза медалини келтирган. 

Дастлаб 1000 метрга байдаркада эшкак эшиш бўйича эркаклар ўртасидаги финал баҳси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Шахриёр Маҳкамов марра чизиғини иккинчи бўлиб босиб ўтган ҳолда кумуш медалига эга чиқди.

Иккинчи стартда 1000 метрга каноэда эшкак эшиш бўйича эркаклар ўртасидаги дастур финалида иштирок этган Владлен Денисов Ўзбекистон делегациясига яна бир кумуш медални тақдим қилди.

Байдаркада эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасида 500 метрга кечган баҳсда ҳам ўзбекистонлик спортчилар шоҳсупага кўтарилди. Унда стартга чиққан Екатерина Шубина ҳамда Арина Танатмишева жуфтлиги маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалига эга чиқди. 

Шунингдек, 500 метрга каноэда эшкак эшиш бўйича жуфтлик баҳсларида Артур Гулиев ҳамда Камрон Аҳтамов тўртинчи, Нилуфар Зокирова ҳамда Гулбаҳор Файзиева эса бешинчи бўлиб маррага келди. Худди шу масофада стартга чиққан байдаркачи йигитлар Денис Онуфриев ҳамда Озоджон Амриддинов эса еттинчи ўринни қайд этди.

Маълумот учун, эртага, 3 октябрь куни ҳам Ўзбекистон вакиллари яна 6 та дастурда медаллар учун кураш олиб боради.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Осиё ўйинлари Ханчжоу Шахриёр Маҳкамов Владлен Денисов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг