Ўзбекистонлик ҳакамлар Роналду иштирокидаги ўйинида ишлайди
Спорт
−
11:01 582 1 дақиқа
Ўзбекистонлик ҳакамлар Элит Осиё Чемпионлар лигасининг 1-тур доирасидаги “Ал-Айн” ва “Ал-Наср” учрашувига тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази (ЎзФҲМ) хабар берди.
Жорий йилнинг 15 сентябрь куни БААда бўлиб ўтадиган “Ал-Айн” ва Криштиану Роналду тўп тепадиган “Ал-Наср” жамоалари ўртасидаги баҳсни Илгиз Тантaшев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.
Учрашувнинг бош ҳаками этиб Илгиз Тантaшев тайинланган. Унга қанот ҳакамлари Андрей Сапенко ва Тимур Гайнуллин ёрдам беради. VAR тизимида Ахрол Рисқуллаев, AVAR ҳаками сифатида эса Абдурашид Худойберганов фаолият олиб боради.
Шунингдек, яна икки нафар ўзбекистонлик мутахассис Элит Чемпионлар лигасининг дастлабки тур ўйинларига тайинланди. Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган “Ал-Қодисия” ва “Ал-Васл” баҳсида Владислав Сейтлин ҳакамлар назоратчиси вазифасини бажаради.
16 сентябрь куни Таиландда ўтказиладиган “Порт” ва Япониянинг “Виссел Кобе” жамоалари ўртасидаги учрашувда эса Валентин Коваленко ҳакамлар назоратчиси сифатида ишлайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 ноябрь куни Роналду етакчилигидаги “Ал Наср” жамоаси Элит Чемпионлар лигаси 4-тур доирасида “Пахтакор” билан баҳс учун Тошкентга келади.
Live
Барчаси