Мирзиёев Трампни Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
06 Ноябрь
21256Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бугун, 6 ноябрь куни Дональд Трампга Америка Қўшма Штатлари Президенти сайловида ғалаба қозониб, ушбу лавозимга сайлангани муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
"Сизни Америка Қўшма Штатлари Президенти лавозимига сайланганингиз муносабати билан чин дилдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг қизғин табрикларимни ва энг эзгу тилакларимни йўллашдан беҳад мамнунман.
Сайловлардаги ишончли ғалабангиз Сиздек бой тажрибали ва моҳир сиёсатчининг АҚШни халқаро майдондаги нуфузи ва иқтисодий қудратини ошириш, глобал тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга қаратилган дастур ва режаларингиз Америка халқи томонидан фаол қўллаб-қувватланганини яна бир бор яққол тасдиқлади", дейди Мирзиёев табригида.
У Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзгармас позициясини, ортга қайтмас тус олган туб ислоҳотларга кўрсатиб келаётган доимий кўмагини алоҳида қадрлашини билдирган.
Шунингдек, Мирзиёев айнан Дональд Трампнинг илк президентлик даврида, 2018 йил май ойида Оқ уйда ўтказган сермаҳсул музокаралардан кейин Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даври бошланганини алоҳида таъкидлаган.
"Сизнинг шахсий эътиборингиз билан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, ўзаро ишонч, ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга асосланган сиёсий мулоқотларимиз янада мустаҳкамланди, савдо-иқтисодий, хавфсизлик, ҳарбий-техникавий ва гуманитар алоқалар жадаллашди.
Юқори даражадаги вакилларимиз ва қонун чиқарувчилар ўртасидаги фаол ташрифлар алмашувлари натижасида ҳамкорлигимиз сифат ва мазмун жиҳатидан юксак босқичга кўтарилди", дейилади табрикда.
Мирзиёев Ўзбекистон бундан кейин ҳам Трамп бошчилигидаги АҚШ Администрацияси билан дўстона алоқаларни изчил давом эттиришга, олий ва юқори даражада эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга оширишдан манфаатдор эканини урғулаган.
"Шунингдек, “С5+1” платформаси ва “Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли Битими” доирасида минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоримиз.
Аминманки, биргаликдаги қатъий саъй-ҳаракатларимиз билан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, хавфсизлик, банк-молия, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш, инновация, таълим ва бошқа соҳалардаги шериклигимиз қўшма лойиҳалар билан самарали бойиб бораверади", дейилади табрикда.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси келгусида Афғонистонда барқарор тинчликни таъминлаш ва унинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига ҳисса қўшиш ўзаро ҳамкорлигининг ажралмас қисмига айланишига ишонч билдирди.
"Узоқ муддатли ва кенг қамровли муносабатларимизни янги босқичга кўтариш мақсадида Сиз, Жаноби Олийларининг Ўзбекистонга расмий ташрифингизни кутиб қоламиз", дейди Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Дональд Трампни Америка Қўшма Штатлари Президенти этиб сайлангани билан табриклаганди.
LiveБарчаси