Ўзбекистон россияликларни Россиядан “ҳимоя қилмоқчи”. ТИВ баёнот билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистонга келаётган Россия фуқаролари мавжуд қоидаларни бузмаса, мамлакатдан депортация қилинмайди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида сўз боради.

Вазирлик Сўнгги вақтларда фуқаролардан Украина атрофидаги вазият бўйича айрим масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаатлар кўпайганлиги муносабати билан баъзи саволларга ойдинлик киритган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда миллий манфаатларга, асосий тамойиллар саналувчи, жумладан, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби устуворликларга доимо содиқдир.

ТИВнинг бу изоҳини Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларида Россия томонидан ўтказилган бир томонлама "референдум"ларни тан олмаслик дея тушуниш ҳам мумкин. Аммо вазирлик бу масалада очиқ фикр билдирмаган.

“Ўзбекистон мавжуд вазиятни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш учун шартларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш тарафдоридир”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, ТИВ Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келаётган Россия Федерацияси фуқаролари сонининг кўпайишига тўхталиб, уларнинг мамлакатда бўлиш масаласи, шунингдек, эҳтимолий экстрадиция қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги, икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинишини қайд этган.

“Шу билан бирга, ҳуқуқбузарлик содир қилмаган хорижий давлат фуқаролари мажбурий депортация қилиб юборилмайди”, дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади. Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, 300 минг киши, биринчи навбатда, жанговар тажрибага эга ва қўшинлар учун зарур бўлган ҳарбий рўйхатга олиш ихтисослиги бўйича сафарбар қилинади. 


Мақола муаллифи

Теглар

ТИВ

Баҳолаганлар

431

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг