Ўзбекистонга келаётган йўловчининг сумкасидан бўғма илон чиқди
3-саҳифа
−
08:44 3141 2 дақиқа
“Навоий” чегара божхона постида йўлбарссимон бўғма илонни мамлакат ҳудудига олиб киришга уриниш ҳолати фош этилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур тур халқаро муҳофаза остида бўлиб, уни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш учун халқаро CITES рухсатномаси талаб этилади. Бироқ, йўловчи тегишли рухсат этувчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Билдирилишича, жонивор тегишли тартибда Тошкент ҳайвонот боғига топширилган бўлиб, ҳозирда унинг ҳолати қониқарли.
Маълумот учун, йўлбарссимон бўғма илон – йирик ўлчамдаги, заҳарсиз бўғма илонлар турига киради. У ўз ўлжасини заҳарлаш орқали эмас, балки кучли танаси билан ўраб сиқиб, нафас олишини тўхтатиш йўли билан овлайди.
У асосан Марказий ва Жанубий Американинг тропик ўрмонлари, бутазор ва саванна ҳудудларида яшайди. Узунлиги одатда 2–4 метрга етади, айрим йирик намуналари эса 5 метргача ўсиши мумкин. Танасидаги жигарранг, қора ва сарғиш рангдаги мураккаб нақшлар йўлбарс терисига ўхшаб кетгани сабабли унга “йўлбарссимон” номи берилган.
Бу илон кемирувчилар, қушлар, калтакесаклар ва кичик сутэмизувчилар билан озиқланади. Одатда одамга ҳужум қилмайди ва заҳарли ҳисобланмайди, бироқ кучли мушаклари ва катта ҳажми сабабли эҳтиётсизлик билан муомала қилиш хавфли бўлиши мумкин.
Йўлбарссимон бўғма илон тухум қўймайди, балки тирик бола туғади. Бир марта туғиш жараёнида ўнлаб болалари дунёга келиши мумкин. Дунёнинг айрим ҳудудларида у экзотик уй ҳайвони сифатида ҳам парвариш қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида фуқаролар ноқонуний равишда илон сақлаб келаётгани аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси