Ўзбекистонга қўшни мамлакатдан газ импорти тўлиқ тўхтаган – Энергетика вазирлиги

Жамият

image

Ўзбекистонда бугунги кунда га ва электр энергиясига максимум талабни қондириш учун газ қувурлари ва магистрал электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти етарли бўлсада, муаммолар ресурслар етарли эмаслиги ҳисобига келиб чиқмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги томонидан берилган навбатдаги баёнотда сўз борган. 

Вазирликнинг яна бир бор таъкидлашича, республика бўйлаб ҳароратнинг кескин тушиб кетиши натижасида электр энергияси ва табиий газга бўлган талаб ошган.

“Ушбу талабни қондириш учун табиий газ ва электр энергияси импорти ҳажмини тезкор кўрилган чоралар ва келишувлар асосида максимум даражага ошириш ҳисобига кунлик табиий газ истеъмолининг 10 фоизи ҳамда электр энергиясининг 8 фоизи айнан қўшимча импорт ёрдамида таъминланиб келмоқда. 

Гарчи, бугунги кундаги максимум талабни қондириш учун газ қувурлари ва магистрал электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти етарли бўлсада, ресурслар етарли эмаслиги ҳисобига истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлашда муаммолар кузатилмоқда”, дейилади баёнотда.

Расман маълум қилинишича, Ўзбекистонга қўшни мамлакатдан газ импорти тўлиқ тўхтаган. Бироқ, Энергетика вазирлиги бу қайси мамлакат эканига аниқлик киритмаган. Катта эҳтимол билан Туркманистон бўлиши мумкин. 

“Аномал совуқ туфайли 12 январда қўшни мамлакатнинг табиий газ қазиб чиқариш конларида юзага келган авариявий ҳолат табиий газ импортининг тўлиқ тўхташига ва боз устига электр энергияси импортининг 20 фоизга қисқаришига сабаб бўлди", дейилади хабарда. 

Вазирликка кўра, энергия ресурслари тақчиллиги кузатилаётган пайтда ушбу ресурсларни биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш учун электр энергияси экспорти тўхтатилган. 

Бундан ташқари, йирик саноат корхоналарига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳажми ўртача 70-80 фоизга қисқартирилган. 

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовнинг Туркманистонга ташрифи давомида Ўзбекистонга қўшимча кунига 20 млн куб метр (3 ойда жами 1,5 млрд куб метр) газ етказиб бериш бўйича келишувга эришилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Энергетика вазирлиги аномал совуқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг