Саудияда вертолёт қулаб тушди. 14 киши ҳалок бўлди
Олам
−
29 июн 2044 1 дақиқа
Кеча, 28 июнь куни Саудия Арабистонида вертолёт қулаши оқибатида мамлакатнинг 14 нафар фуқароси ҳалок бўлди. Фожиа тафсилотлари ўрганилмоқда. Бу ҳақда Саудия Арабистони Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Рас-Танура шаҳрида “Saudi Aramco” миллий нефть компаниясига тегишли вертолёт ҳалокатга учраган. Бортда бўлган 14 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Уларнинг ҳаммаси Саудия фуқаролари бўлгани айтилмоқда.
“Вертолёт қулаши ва ҳалокат сабабларини аниқлаш учун тегишли органлар иштирокида тергов ҳаракатлари давом этмоқда”, дейди вазирлик вакили.
Маълумотларга кўра, Рас-Танурада минтақадаги энг йирик нефтни қайта ишлаш мажмуаларидан бири жойлашган. Шунга қарамай, мамлакат расмийлари авиаҳалокатни АҚШ ҳамда Исроилнинг Эрон билан зиддияти фонида саноат инфратузилмасига уюштирилган эҳтимолий ҳужум билан боғламаган.
Қайд этилишича, “Saudi Aramco” тасарруфида 60 та ҳаво кемаси мавжуд бўлиб, унинг вертолётлари бутун мамлакат бўйлаб 300 дан ортиқ вертодромларга хизмат кўрсатади. Бу минтақадаги энг йирик корпоратив ҳаво флотидан биридир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ҳавода икки вертолёт тўқнашиб кетиши оқибатида олти киши ҳалок бўлганди. Қурбонлар орасида америкалик қўшиқчи Оливер Три ҳам бор эди.
Live
Барчаси