Тошкентда жазирама сабаб 8 мингдан ортиқ истеъмолчи электрдан узилди

Жамият

image

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида электр таъминотида вақтинчалик узилишлар юзага келди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ҳамда электр тармоқларига тушаётган юкламаларнинг ортиши оқибатида соат 14:30 ҳолатига кўра айрим электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларда техник носозликлар юзага келган.

Шу сабабли, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Яккасарой, Чилонзор, Юнусобод, Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Сергели туманлари ҳамда Зангиота туманидаги 8 250 нафар истеъмолчи электр таъминотидан вақтинча узилган.

Билдирилишича, айни вақтда махсус бригадалар носозликларни бартараф этиш ва электр таъминотини қайта тиклаш ишлари билан шуғулланмоқда. Айрим ҳудудларда эса юқори юклама, кабеллардаги носозликлар ҳамда авариявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида электр таъминотига вақтинчалик чекловлар жорий этилган.

Вазирлик истеъмолчилардан юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраб, электр таъминотидаги режали ва фавқулодда узилишлар ҳақидаги маълумотлар туман электр таъминоти корхоналарининг расмий Telegram-гуруҳларида эълон қилиб борилаётганини маълум қилган.

“Ҳозирги вақтда махсус бригадалар томонидан носозликларни бартараф этиш ва истеъмолчиларнинг электр таъминотини қайта тиклаш чоралари кўрилмоқда. Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли бўйича янги рекорд қайд этилиб, мамлакат ягона энергетика тизимида суткалик электр истеъмоли 284 миллион киловатт-соатга етгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг