Ўзбекистонга Қозоғистон маҳсулоти ниқоби остида Россия ғалласи олиб кирилгани аниқланди
Олам
−
26 Июль 2023
20597Россия буғдойини Қозоғистон маҳсулоти ниқоби остида Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистонга экспорт қилиш учун ноқонуний олиб кириш схемаси фош қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида Россия буғдойини расмий шартномалар бўйича ноқонуний олиб кириш схемаси аниқланган.
"2021-2022 йилларда шахси аниқланган фуқаро Марказий Осиё мамлакатларига (Афғонистон, Тожикистон, Ўзбекистон) Қозоғистондан келиб чиқишини тасдиқловчи 1 миллиард тенгедан ортиқ сохта счёт-фактуралар бўйича 26 минг тонна Россия буғдойини олиб чиқиб кетган. Бу билан халқаро транзит тарифи бўйича умумий қиймати 460 миллион тенге юк ташиш учун тўловларни тўлашдан бўйин товлаган”, дейилади агентлик хабарида.
Айтиш жоизки, Қозоғистон Сенати ҳам Россия буғдойини сохта ҳужжатлар асосида ноқонуний олиб киришнинг барқарор схемаси мавжудлиги ва кейинчалик Қозоғистон маҳсулоти ниқоби остида учинчи давлатларга экспорт қилиниши ҳолатлари кузатилаётганидан воқиф эканини маълум қилган. Парламент Россия Федерациясига нисбатан қўлланилган санкцияларни ҳисобга олган ҳолда, сохта импорт ва реэкспорт ҳолатлари сезиларли даражада ошишини истисно қилмаган.
Маълумот учун, Остона Ўзбекистондан Қозоғистоннинг ун экспорти бўйича салмоқли салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, Афғонистонга темир йўл орқали транзит ташишда базавий тариф имтиёзлари бериш имкониятини кўриб чиқишни сўраган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь