Ўзбекистондаги ҳар бир туман учун инвестиция формуласи ишлаб чиқилади

Жамият

image

Бугун, 25 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимлар қайси ҳудудда қайси тармоқни ривожлантириш ва қайси лойиҳага инвестиция жалб этиш энг юқори самара беришини аниқ ҳисоб-китоб қилиши кераклигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида ҳудудларга инвестиция жалб қилиш самарадорлигини ошириш бўйича янги тизим жорий этилиши маълум қилинган.

Қайд этилишича, эндиликда ҳокимлар ўз ҳудудида қайси тармоқни ривожлантириш, қайси лойиҳага инвестиция олиб келиш ва бу орқали қандай иқтисодий натижага эришиш мумкинлигини пухта ҳисоб-китоб қилиши лозим бўлади.

Бу борада иқтисодиётнинг 12 та асосий тармоғига 14 та “ақл маркази”, шунингдек, 37 та соҳавий илмий институт ва олий таълим муассасаси бириктирилди.

Масалан, қурилиш материаллари саноати бўйича Макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари маркази, Материалшунослик институти ҳамда Тошкент архитектура-қурилиш университети масъул этиб белгиланди.

Улар янги турдаги қурилиш материалларига бўлган талабни ўрганиб, қайси ҳудудда қандай лойиҳа амалга ошириш, қандай технологияларни жорий этиш ҳамда қайси йўналишларда мутахассислар тайёрлаш зарурлигини таҳлил қилади.

Йиғилишда барча тармоқ раҳбарларига “ақл марказлари”, илмий институтлар ва олийгоҳлар билан ҳамкорликда ҳар бир туман салоҳиятини чуқур ўрганиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишига кучли туртки берадиган лойиҳалар пакетини шакллантириш вазифаси юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида 43 миллиард долларлик 177 та келишувга эришилганини маълум қилиб, ҳар бир битим амалий лойиҳалар, янги иш ўринлари ва юқори қўшилган қийматга айланиши шартлигини таъкидлаганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг