Ўзбекистонда жисмоний шахслар учун уч карра ер солиғи бекор қилинди
Жамият
−
18 июн visibility9601
timer1 дақиқа
Ўзбекистонда жисмоний шахслар учун ер участкаларидан ҳужжатсиз фойдаланганлик ҳолатларида ҳисобланган уч карра ер солиғи бекор қилинди. Шунингдек, аввал ҳисобланган солиқ суммалари қайта ҳисоб-китоб қилинади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Янги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган. Унга кўра, Солиқ кодексининг 483-моддаси (вақтинчалик солиқ имтиёзлари) янги таҳрир билан тўлдирилиб, 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнгача бўлган давр учун жисмоний шахсларга нисбатан уч карра солиқ ҳисоблаш тартиби бекор қилинган.
Эндиликда солиқ органлари мазкур давр учун аввал ҳисобланган солиқларни қайта кўриб чиқади.
Қонун доирасида бир қатор бошқа ўзгаришлар ҳам назарда тутилган. Жумладан, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган бино-иншоотларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнларини жадаллаштириш белгиланган.
Шунингдек, ваколатли ташкилотлар масъулиятини ошириш, айрим тўсиқ бўлаётган механизмларни соддалаштириш, фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда солиқ қарздорлиги тушунчасини аниқлаштириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, бир марталик тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш тартибини жорий этиш ҳамда шикоятларни кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштириш ҳам қонун доирасида белгилаб қўйилган.