Ўзбекистонда жадидлар ҳақида илк фильм суратга олиняпти
Маданият-санъат
−
12 Июль 2019
9962Ўзбекистонда жадидлар ҳаётига бағишланган илк фильм суратга олинмоқда. Бу ҳақда фильм ижодкорлари билан суҳбатда бўлган QALAMPIR.UZ ижодий продюсери Феруза Нажмиддинова маълум қилди.
Режиссёр Музаффар Эркинов томонидан суратга олинаётган фильм ўзбек маърифатпарвари Абдулла Авлоний ҳаётининг Афғонистонга элчи бўлиб борган даврларидан ҳикоя қилади.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик сценарийси асосида суратга олинаётган фильм 160 дақиқа, икки қисмдан иборат бўлиши айтилмоқда. Картина Хива, Қўқон, Тошкент шаҳарларида суратга олинмоқда. Унда бош ролларни Жавоҳир Зокиров, Ноила Тошкенбоева, Нигора Каримбоева ижро этмоқда. Абдулла Авлоний образи эса актёр Алишер Йўлдошевга ишониб топширилган.
Картина жорий йилнинг сентябрь ойида катта экранлар юзини кўради.
Маълумот ўрнида, 1874 йилда Тошкентнинг “Мерганча” маҳалласида тўқувчи Миравлон ака оиласида таваллуд топган. Аввал Ўқчидаги бошланғич мактабда, сўнг шаҳар мадрасаларидан бирида таҳсил олган. Бироқ, кўпроқ мустақил ўқиб-ўрганди, тез орада ўз даврининг саводхон, маърифатпарвар кишисига айланди. Авлоний ХХ аср бошлари ўлкада авж олган жадидчилик ҳаракатининг фаол иштирокчиси сифатида миллат болаларини саводхон қилиш, улардан етук олимлар, мутахассислар тайёрлаш, Ватанни озод кўриш, фаровон этиш йўлида фидойилик билан меҳнат қилган. Ана шу мақсадда жуда кўп соҳаларда фаол иш олиб борган. 1907 йилда ўз уйида “Шуҳрат” номли газетани нашр қилган.
У маҳалласида янги усулдаги мактаб очди. “Усулижадид” мактаблари учун тўрт қисмдан иборат “Адабиёт ёхуд миллий шеърлар”, “Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим”, “Мактаб гулистони”, “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” каби дарслик ва ўқиш китобларини тузди. Мактаб-маъориф ишларига ёрдам кўрсатиш мақсадида хайрия жамияти ташкил қилди. “Нашриёт” ширкати тузиб, Хадрада “Мактаб кутубхонаси” китоб дўконини очди.
Маърифатпарвар адиб, драматург, педагог, ношир ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний 1934 йил 25 августда Тошкентда вафот этди. У Тошкентдаги Боткина қабристонига дафн этилган.