Кафансиз кўмилганлар. Шўролар қатағон қилган жадидлар хотирасига бағишланади
Интервью
−
04 Сентябрь 2021
23185Собиқ Совет Иттифоқи 70 йил мобайнида Туркистон халқларига шундай зулм ва ситамлар қилинганки, буни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Шўро ҳукумати 1920, 1937-1938, 1952 йилларда мустақил Туркистон ғоясини илгари сураётган Жадидчилик ҳаракатининг вакилларига нисбатан қатағон сиёсатини олиб борди ва ўлкадаги ақл эгаларини жисмонан йўқ қила бошлади. Хўш, жадидлар ким, уларнинг мақсади нима эди ва улар нима учун йўқ қилинди?
1917 йил 28 февраль куни Россия империясида юз берган инқилоб 300 йилдан ортиқ вақт мобайнида ҳукмронлик қилиб келаётган Романовлар сулоласини ағдариб ташлади. 1917 йилнинг октябрь ойида Ленин бошчилигидаги Большевиклар партияси ҳокимиятни эгаллаб олди. Большевиклар давлат бошқарувини ўз қўлига олгач, зўравонлик ва ёлғонга асосланган давлат тузишга киришди. Улар ёлғон ваъдалар билан Туркистон ўлкасини Совет ҳукумати таркибига қўшиб олди.
Большевиклар Туркистон ўлкасини келажакда мустақил давлат бўлмаслиги учун бу ўлкани 1925 йилда майда-майда бўлкаларга бўлиб юборди. Туркистон зиёлилари ўлкада Европа мамлакатларига ўхшаш ривожланган давлат тузиш ғоясини илгари суришди. Аммо, Туркистон халқини ўзига тобе қилиб олмоқчи бўлган Шўро ҳукумати, мустақиллик ғоясини тарғиб этаётган зиёлиларни бирма-бир йўқ қилди.
Совет Иттифоқида қатағонлар тўлқини уч даврга тўғри келади. Биринчи босқич 1920 йилларни, иккинчи босқич 1937–1938 йилларни, учинчи босқич 1950–1953 йилларни ўз ичига олади.
СССР Ички ишлар халқ комиссарилиги 1937 йил 10 августидан 1938 йил 1 январигача бўлган вақтда Ўзбекистон бўйича жами 10700 киши “Босмачи”, деган ном билан қамоққа олган. Улардан 3613 киши отувга, 7087 нафар инсон 10 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас эди.
Бу қатағон тўлқини тинмади. НКВДнинг қирғин машинаси, ҳатто уруш даврида ҳам тўхтамади. Ўзбек халқи Иккинчи жаҳон урушида жонкуярлик ва фидойилик кўрсатишига қарамасдан 1950 йилда яна зиёлилар “давлат ҳойини”, “чет эл жосуси”, деган туҳмат билан қиличдан ўтказилди. Минг-минглаб бегуноҳ инсонлар Россиянинг энг чекка ва совуқ ўлкаларига сургун қилинди.
Жадидлар ўз олдиларига Туркистонда миллий уйғониш даврини юзага келтириш, ўлкада иқтисодий-ижтимоий ва маданий ислоҳотлар ўтказиш. Миллий мустақиллик ғояларини ҳаётга татбиқ этиш каби мақсадларни қўйишган эди. Аммо, мустабид тузим уларни йўқ қилди.
Шўро даврида қатағон қилинган жадидлар ҳақида тайёрланган “Кафансиз кўмилганлар” тарихий фильмни бугун 19:30 да QALAMPIR.UZ‘нинг YouTubeʼдаги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Унда собиқ Совет Иттифоқи даврида “Ватан ҳойини”, “Босмачи” ва “Чет эл жосуси” деган ёлғон бўҳтонлар билан йўқ қилинган Туркистон зиёлилар ҳақида сўз боради.