Ўзбекистонда замонавий мудофаа саноатига асос солинган – Сайфиддин Жўраев
Жамият
−
21 Февраль
6191Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда замонавий мудофаа саноатига асос солинган. Бу ҳақда сиёсий фанлар доктори, Тошкент шарқшунослик университети Халқаро муносабатлар кафедраси профессори Сайфиддин Жўраев QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Бугун, 21 февраль куни Шавкат Мирзиёев Мудофаа саноати агентлигининг Инновацион технологиялар марказига ташриф буюриб, бу ердаги ишлаб чиқариш қувватлари, илғор ишланмалар, ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан танишди. Маълумки, агентлик томонидан қурол-яроғларни модернизация қилиш, янги технологияларни ўзлаштириш ва истиқболли ишланмаларни қўшинларда жорий этиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ушбу марказда 80 га яқин ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, робототехника ва учувчисиз аппаратлар бўйича стартап лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда.
“Ўзбекистон мудофаа саноати корхоналари халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаларда самарали ва фаол иштирок этмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 17-21 февраль кунлари Абу-Даби шаҳрида (БАА) бўлиб ўтаётган "IDEX-2025" кўргазмасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 100 дан ортиқ ҳарбий техника ва маҳсулотлар намуналари намойиш этилмоқда. Хорижий ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотган "Арслон 8×8" ва "Арслон 6×6" зирҳли транспортёрлар, "Тўфон" ўзиюрар гаубицаси шулар жумласидан. Давлатимиз раҳбари бу натижалар биринчи қадамлар бўлганини айтиб, мудофаа тизимининг рақобатбардошлигини ошириб бориш бўйича янги вазифаларни белгилаб берди”, дейди профессор.
Шунингдек, ишлаб чиқаришни мунтазам такомиллаштириб, янги маҳсулотларни ўзлаштириш, бунда инновацион технологиялар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Президент буюртма асосида соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб этиб, ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулот турларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берди. Янги иш ўринлари яратиш, мутахассисларни тизимли тайёрлаш, янги техникалар бўйича илмий лабораториялар ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Ташриф якунида Президент мудофаа саноатини янада ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини кўрсатиб, мутасаддилар олдига маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлаш, ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш ва маҳаллий корхоналарнинг халқаро бозордаги ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ кўрсатмалар берди.
“Ҳар қандай суверен давлатда Армия қобилиятини мустаҳкамлашда ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарлиги билан бир қаторда мудофаа саноатини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Шу маънода давлат раҳбари томонидан илгари сурилган баҳолар, кўрсатмалар ва вазифалар миллий армиямизнинг қудратини мустаҳкамлашга алоҳида ҳисса қўшади”, дейди Жўраев.
LiveБарчаси