Ўзбекистонда йил бошидан бери 32 минг оила ажрашиб кетди

Жамият

image

Ўзбекистонда йил бошидан 32 мингга яқин оила ажрашиб кетди. Бу ҳақда бугун, 14 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда маҳаллалардаги ижтимоий муҳит ва ёшлар тарбияси бўйича ечим топилиши керак бўлган бир қатор масалалар кўрсатиб ўтилди. Масалан, йил бошидан 32 мингга яқин оила ажрашиб кетгани, 16 минг ота-она алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётгани, оиласи ва болаларини кредит қарзлари билан ташлаб кетиш ҳолатлари учраётгани, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг салбий оқибатлари барчани – ҳокимлар, “маҳалла еттилиги”, нуронийлар, бутун жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солиши кераклиги қайд этилди. 

Оила қуриш бу – нафақат ўзи, балки турмуш ўртоғи ва фарзандлари олдидаги катта масъулият эканини ёшларга тушунтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ажримларда тарафлар, айниқса, фарзандлар оғир моддий аҳволга тушишининг олдини олиш учун никоҳ шартномаси тузишнинг афзалликларини тарғиб қилиш лозимлиги таъкидланди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилнинг дастлабки 6 ойида 23,3 минг эр-хотин ажрашган. Ажралишларнинг аксарияти шаҳарларда қайд этилган. 14,1 минг эр-хотин (60,6 фоиз) шаҳарда, 9,2 минг жуфтлик қишлоқ жойларда ажрашган (39,4 фоиз). Ҳудудлар кесимида энг кўп никоҳдан ажрашиш ҳолати Тошкент шаҳрида (1,5 минг), Тошкент ва Фарғона вилоятларида (1,2 мингтадан) кузатилган. Никоҳдан ажралиш бўйича энг паст кўрсаткич (310 та) Навоий вилоятида қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев маҳалла ажрашиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг