Ўзбекистонда уй-жой қурилиш объектларининг 70 фоизи сейсмик барқарор эмаслиги айтилди
Жамият
−
16 Август 2023 9337 2 дақиқа
Ўзбекистонда кўплаб бинолар, айниқса, якка тартибдаги уйлар қурилиш норма ва қоидаларини ҳисобга олмаган ҳолда қурилгани сабабли уй-жой қурилиши объектларининг 70 фоизи сейсмик барқарор эмас. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфига нисбатан миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда самарали амалга оширишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида келтирилган.
Маълум қилинишича, республикада 12 баллик халқаро МСК-64 шкаласи бўйича интенсивлиги 7 балл ва ундан юқори бўлган зилзилалар содир бўлиш хавфи мавжуд. Марказий Осиё давлатларининг бир қатор сейсмологик хизматлари ҳар йили турли даражадаги 3 000 га яқин ер ости силкинишларини қайд этади.
Кучли зилзилаларда энг кўп зарар кўрадиган уй-жой сектори, хизмат кўрсатиш, иқтисодиёт, саноат ва савдо соҳалари бўлиб, уларнинг аксарияти шаҳарлар ва йирик аҳоли пунктларида жойлашган.
Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 70 фоизи сейсмик фаол зоналарда истиқомат қилади. Кўплаб бинолар, айниқса, якка тартибдаги уйлар қурилиш норма ва қоидаларини ҳисобга олмаган ҳолда қурилганлиги сабабли уй-жой қурилиши объектларининг 70 фоизи сейсмик барқарор эмас.
Келтирилишича, зилзиланинг иккиламчи таъсири ҳалокатли бўлиши ва бошқа хавфларни келтириб чиқариши ёки тезлаштириши эҳтимоли юқори. Зилзиланинг иккиламчи таъсирининг аксарияти (тўғонларнинг бузилиши, баланд тоғлардаги кўлларнинг тошиб кетиши оқибатида юзага келадиган сув тошқинлари ва сел орқали заҳарли моддаларнинг тарқалиши) жиддий трансчегаравий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шунингдек, сўнгги йилларда иқлим ўзгариши оқибатида республика ҳудудида табиий офатлар сони сезиларли даражада ошган. Табиий офатларнинг ўртача сони 2001-2010 йилларда - 115 та ҳолат, 2011-2022 йилларда - 126 та ҳолатни ташкил этган. Уларнинг 46 фоизи зилзилалар, 27 фоизи селлар, 13,5 фоизи ер кўчкилари, 8,7 фоизи кучли шамоллар, 2,4 фоизи сув тошқинлари, 1,6 фоизи табиий ёнғинлар, 0,8 фоизи қор кўчкилари ва бошқалар ҳиссасига тўғри келган.
Юқоридаги қарор билан 2023-2030 йилларда табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш бўйича Ўзбекистоннинг миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланмоқда.
Қуйидагилар Миллий ҳаракатлар режасини амалга ошириш доирасида устувор йўналишлар этиб белгиланяпти:
• табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
• аҳолининг табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш борасидаги билим ва тажрибаларини шакллантириш;
• табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш тадбирларини молиялаштиришни ташкил этиш;
• табиий офатлар рўй берганда ҳаракат қилишга тайёрлик даражасини ошириш.
Live
Барчаси