Ўзбекистонда ЎРВИ сабабли мактаблар ёпиладими?
Саломатлик
−
04 Декабрь 2023
26816Ҳозирда аксарият мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам мавсумий касалликлар тарқалиши кўпайган. Айниқса, болаларда бу жараён бироз оғир кечмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда ўткир респиратор касалликлар тарқалиши ўқув муассасаларида таълим жараёнининг тўхташи учун етарли асос бўлмаслигини айтди.
“Гап шундаки, биз ўткир респиратор инфекциялар тарқалиши занжирини узишга ҳаракат қилишимиз керак. Касаллик тарқалишида уч муҳим бўғин бор: касаллик манбаи, юқиш йўли, юқтиришга мойил организм”, дейди мутахассис.
Унинг айтишича, агар касалланган болаларни мактабга, боғчага, жамоат жойларига юборилаверса, улар бошқаларга инфекция юқтиришда давом этади.
“Ҳар биримиз ўткир респиратор касалликлар, хусусан, гриппни юқтиришга мойилмиз. Шунинг учун ҳам ота-оналарга касаллик белгилари бўлган фарзандларини боғча ва мактабларга, олий таълим муассасаларига юбормасликни маслаҳат берамиз. Бундай пайтда шифокор кўрсатмасига асосан, уй шароитида зарур муолажаларни олиб бориш мақсадга мувофиқ”, дейди Нурмат Отабеков.
Бундан ташқари, Отабеков Ўзбекистондаги барча юқумли касалликлар шифохоналарида беморлар учун ўрин-жой ва зарур дори-дармонлар захираси яратилганини таъкидлаган.
“Аҳоли орасида грипп мавсуми ҳақида "бу — янги пандемия" деган миш-мишлар учрамоқда. Бу гаплар мутлақо асоссиз. Айтиш керакки, бу ҳатто эпидемия ҳам эмас”, дея қўшимча қилган у.
Нурмат Отабековга кўра, ўткир респиратор касалликлар тарқалиши Тошкентда ва мамлакатнинг айрим ҳудудларида кўпроқ қайд этилаётгани касаллик тарқалиши эпидемик бўсағага етганига асос бўла олмайди.
“Шу сабабдан ҳам ўқув муассасаларида таълим жараёнини тўхтатишга етарли асос кўрмаяпмиз”, дейди мутахассис.
У ҳозирги вазиятдаги асосий вазифа беморларни алоҳидалаш, уларни жамоат жойларидан узоқда тутиш эканини айтган.
“Беморлар мулоқот чоғида доим тиббий ниқобда бўлиши, ижтимоий масофа сақлашлари, шахсий гигиенага қатъий амал қилиши шарт”, дея тавсия қилади Отабеков.
Шунингдек, у касалликка қарши эмланиш унга қарши курашишнинг самарали усули эканини унутмасликка чақирган. Отабековнинг билдиришича, мавсум олдидан мамлакатда гриппга қарши вакциналарнинг етарли миқдори шакллантирилган. Айни пайтда хусусий эмлаш пунктларида ҳам 3 хил гриппга қарши вакцина мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ССВ Тошкент шаҳрида кичик ёшдаги болаларнинг нафас йўллари юқумли касалликларига чалиниши кўпайгани, бунинг оқибатида пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар ҳам ортганини маълум қилганди.
LiveБарчаси