Ўзбекистонда судьяларга босим йўқ (ми?)
Жамият
−
05 Март
4745Биламизки, бази ҳолатларда яхшигина лавозимни эгаллаб турган амалдорларнинг устидан ҳам жиноят ишлари кўрилади. Бунда улар ёки уларнинг яқинлари томонидан судьяларга босим қилиниши эҳтимолини ҳам йўқ дея олмаймиз. Бу эса судья қарорида бир томонган ён босишига олиб келиши мумкин. Йиғилишда қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири Ўзбекистонда судьяларга босим бор ёки йўқлиги билан қизиқди.
Судьялар Олий кенгаши раиси ўринбосари Алишер Жалилов саволга шундай жавоб берди:
"Бу саволларга жавоб олишни биз аноним тарзда жорий қилганмиз. Ана шу сўровлар натижасига кўра таҳлиллар ўтказиб турамиз. Агарда судьяга нисбатан аралашув ёки босим бўладиган бўлса, албатта, ўша мансабдор шахсга нисбатан қонунда белгиланга чора кўрилади. Бизда айнан менга босим бўлди, деган мурожаат йўқ", деди у.
Аммо Судьялар Олий кенгашининг матбуот котиби Турсунали Акбаров раис ўринбосарининг балки шошиб, балки жаҳл устида айтиб қўйган сўзларини тўғирлаб, Ўзбекистонда бундай ҳолатлар учраб туриши, аммо бу фақатгина амалдорлар томонидан эмас, балки бошқа шахслар томонидан ҳам содир этилишини билдирди. Блогер томонидан ижтимоий тармоқлар орқали жараёнда бўлган судга аралашиш ҳолати кузатилгани, шунингдек, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашининг судларга турли вазифалар юклаш ҳақидаги 9 та қарори чиқарилгани ва кейинчалик бекор қилинганини мисол тариқасида келтирди. Акбаров сўзини "умумий олиб қарайдиган бўлсак, турли шаклда бундай босимлар бор", деган сўзлар билан якунлади.