Ўзбекистонда пул ўтказмалари устидан назорат кучайтирилади
Жамият
−
04 Апрель
7072Эндиликда Ўзбекистонда тўлов тизимларидаги пул ўтказмалари устидан назорат кучайтирилади. Бу ҳақда Марказий банк бошқаруви ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ишлаб чиқилган “Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарорда сўз боради.
Қарорга кўра, тўлов ташкилотлари қуйидаги ҳолларда мижозларни лозим даражада текшириш бўйича мустақил равишда чора-тадбирларни кўришлари керак:
-
жисмоний шахс тўлов ташкилоти мобил иловаси орқали аккаунт очиш учун мурожаат қилганда;
-
товар ва хизматларни етказиб берувчи субъектлар электрон терминалдан (Э-ПОС) фойдаланиш учун мурожаат қилганда;
-
БҲМнинг 500 бараварига тенг (187,5 миллион сўм) ёки ундан ошган суммада тўлов ташкилоти мобил иловасида аккаунт очмасдан ёки мобил иловасидаги аккаунтдан фойдаланмасдан операцияларни амалга оширишда;
-
мижоз тўғрисида аввал олинган маълумотлар тўғрилигига ёки етарли эканлигига нисбатан гумонлар мавжуд бўлганда.
Электрон пул тизимлари орқали БҲМнинг 30 баравари (11,25 миллион сўм) ёки ундан юқори суммадаги ички электрон пул ўтказмаларини амалга оширишда хизмат кўрсатувчи томон ҳисобварақ рақами ёки операциянинг хос рақамини, шунингдек, олувчи ҳақидаги маълумотни, шу жумладан, ҳисобварақ рақами ёки операция идентификаторини илова қилиши керак бўлади.
Бундан ташқари, жўнатувчи ҳақидаги қуйидаги маълумотлар илова қилиниши шарт:
-
жисмоний шахслар учун – паспорт ёки ИД-карта, серияси ва рақами, туғилган санаси ва жойи;
-
юридик шахслар учун – номи, солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР).
БҲМнинг 30 бараваригача бўлган пул ўтказмалари эса фақат жўнатувчи ва олувчи ҳақидаги маълумотлар билан бирга юборилиши мумкин.
Тўлов тизимлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари ахборот тизимларидаги аниқлик даражасини ҳар бир хизмат ёки операция тоифасининг таваккалчилик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгилаши керак. Аниқлик даражаси операция иштирокчилари идентификация маълумотларининг ҳар бир элементи бўйича алоҳида белгиланиши талаб этилади.
Мазкур қарор жорий йил 2 июлдан кучга киради.
LiveБарчаси