Ўзбекистонга 10 ой давомида қанча пул кириб, қанча пул чиқиб кетди?
Жамият
−
30 Ноябрь
9329Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 12,6 млрд долларни, чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми эса 2,3 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисобот эълон қилди.
Қайд этилишича, маблағларнинг 78 фоизи Россиядан (9,8 млрд доллар) келиб тушган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мазкур даврига нисбатан 35 фоизга ошган. Мазкур трансферларнинг қолган қисми Қозоғистон (699 млн доллар), АҚШ (470 млн доллар), Жанубий Корея (458 млн доллар), Туркия (331 млн доллар), Буюк Британия (109 млн доллар) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.
“2024 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажмида кузатилган ўсиш тренди асосан меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи асосий ҳамкор мамлакатларда иқтисодий фаоллик ва иш ҳақи миқдорининг ошиши ҳамда ривожланган мамлакатларга меҳнат миграцияси оқими кўламининг кўпайиши билан изоҳланади”, дейилади ҳисоботда.
Интернет платформаларидаги маълумотларга кўра, Россияда меҳнат муҳожирлари фаолият юритадиган асосий соҳаларда таклиф қилинаётган иш ҳақи миқдори ўртача 38 фоизга ошган. Жумладан, иш ҳақи миқдори қурилиш соҳасида 55 фоиз, етказиб беришда 48 фоиз, такси ва ресторан хизматларида 46 фоиз ҳамда юк ташиш соҳасида 14 фоизгача кўпайган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон миграция агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йил бошидан ишлаш истагида бўлган 113 минг нафардан зиёд фуқаролар, асосан, ривожланган мамлакатларга расмий, хавфсиз ҳамда уюшган ҳолда ишга юборилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 баробарга ошган.
Мазкур ҳолат Ўзбекистонга хориждан жўнатилган халқаро пул ўтказмалари ҳажмида ҳам намоён бўлмоқда. Хусусан, жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан АҚШдан 37 фоизга, Жанубий Кореядан 71 фоизга, Буюк Британиядан 76 фоизга ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 41 фоизга ўсиш кузатилган.
Шунингдек, жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,3 млрд долларни ташкил қилди.
LiveБарчаси