Ўзбекистонда Президент сайловига қанча пул сарфланиши айтилди
Жамият
−
19 Май 2023
13559Марказий сайлов комиссияси жорий йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини 174 миллиард 130 миллион сўм пул миқдорида ишлаб чиқди. Бу ҳақда бугун, 19 май куни Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Президенти сайловига бағишланган навбатдаги мажлисида маълум қилинди.
Таъкидланишича, 2019 йилда вакиллик органлари сайловида давлат бюджетидан ажратилган умумий маблағларнинг 19,8 фоизи, 2021 йилдаги президентлик сайловида 26 фоизи ва жорий йилда бўлиб ўтган референдумда 13,5% бюджет маблағлари иқтисод қилинган.
“Марказий сайлов комиссияси Сайлов кодекси талабларига риоя қилган ҳолда муддатидан илгари президентлик сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини 174 миллиард 130 миллион сўм миқдорида ишлаб чиқди. Мазкур маблағ аввалги президентлик сайлови учун ажратилган маблағдан 41 фоизга кам”, дейди МСК аъзоси Адҳам Ибодуллаев.
Шунингдек, мажлисда умумпартиявий тадбирлар ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғибот ишларини амалга оширишга ажратиладиган маблағлар 19 млрд 655 млн сўмни ташкил этиши таъкидланган. Бунда ҳар бир номзодга 4 млрд 914 млн сўмдан тўғри келмоқда.
Мажлисда сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказишга доир харажатлар сметаси тасдиқланган.