Ўзбекистонда порахўрлик энг кўп учрайдиган соҳалар ва ҳудудлар маълум бўлди

Жамият

image

Ўзбекистонда энг кўп коррупцияга оид жиноятлар мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тижорат банклари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 8 август куни Сенатнинг 18-ялпи мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузада сўз боради.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2025 йилда коррупцияга оид жиноятлар бўйича 7 517 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган, давлат манфаатларига 2,9 трлн сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Энг кўп коррупцияга оид жиноятлар мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тижорат банклари ҳиссасига тўғри келган. Шунингдек, жавобгарликка тортилганлар сони бўйича Андижон вилояти етакчилик қилган – 946 киши. Ундан кейинги ўринларда Тошкент вилояти – 793, Қашқадарё вилояти – 745, Самарқанд вилояти – 709 ва Наманган вилояти – 549 киши билан жойлашган.

Билдирилишича, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар тўртинчисида коррупсиявий омиллар аниқланган, давлат харидлари соҳасида 12,6 трлн сўмлик қонунбузилишлар қайд этилган, айрим давлат органлари ва ҳудудлар коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги ҳамда очиқлик индекси бўйича қониқарсиз натижа кўрсатган.

Сенаторлар коррупцияга қарши курашишда эришилган натижалар билан бир қаторда, профилактика ишларининг самарадорлигини ошириш, давлат харидлари соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, ички назорат (комплаенс) тизими фаолиятини кучайтириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда коррупция оқибатида давлатга етказилган зарарнинг қопланиши устидан назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.

Муҳокама жараёнида Сенат аъзолари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар билдирилган.

Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 60 минг доллар пора билан қўлга тушган Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анваржон Отахўжаев 11 йилга қамалган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг