Ўзбекистонда пилла нархи оширилади

Жамият

image

Бу йил Ўзбекистонда пилла нархи 25 фоизга оширилади. Бу ҳақда бугун, 12 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган аграр соҳадаги устувор вазифалар ва режаларга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда Президент ипакчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, тармоқда кескин ўзгариш қилиш зарурлигини таъкидлаган. 
Маълум қилинишича, эндиликда Въетнам ва Хитой тажрибаси асосида пиллани саноат усулида етиштириш йўлга қўйилади, пилла етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлиги оширилади. Бунинг учун икки босқичда бозор тамойилларига ўтилади. 
Биринчи босқичда бу йил пилла нархи 25 фоизга оширилади. Аҳолига пилла етиштириш учун субсидия берилади ва пилла етиштирувчилар даромад солиғидан озод қилинади.

Иккинчи босқичда эса 2025 йилдан нархни давлат белгилаши, кластерларга туманларни бириктириш, фермер ва касаначилар ўзи етиштирган пиллани фақат кластерларга сотиши амалиётидан воз кечилади. Яъни пилла фермер ва кластер ўртасида эркин нархда тузиладиган шартнома асосида ёки биржа орқали сотилади.

Шунингдек, йиғилишда пиллачилик соҳасини ривожлантириш бўйича мутасаддиларга қатор топшириқлар берилган. Булар қаторида ипак қуртини хонадонларга тарқатиб, ўрма тутзор ташкил этиш ва уй шароитида тайёр ипак ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича тизим яратиш ҳам бор. 

Бундан ташқари, озуқа-ем базасини кўпайтириш учун бу йил далалар атрофида 150 миллион янги навли ҳосилдор тут кўчатини экиш топширилган. Ипакчилик институти ҳузурида 2 та наслли уруғлик стансиясини ишга туширилиб, унга хитойлик мутахассислар таклиф қилиниши ва у ерда наслли ипак қурти зотларини яратиш бошланиши айтилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ипакчилик қўмитасига янги раис тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон пилла

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг